Лекин ҳақиқитан ҳам самолёт, поезд, круиз кемаларида узоқ масофага отланиш ва оддий жамоат транспортига чиқиш шунчалик хавфлими?
Поезд ва автобуслар
Янги коронавируснинг қай йўсинда тарқалаётгани тўғрисида аниқ маълумот мавжуд эмас, аммо унга ўхшаш инфекциялар бемор аксириши ёки йўталишида ҳаво-томчи орқали ёйилиши ёки вирусни зарарланган юзадан юқтириш мумкин.
Кўринишидан, коронавирус оддий грипп вируси каби ҳавода айланиб юрмайди, демак инфекцияланиш учун яқин алоқа рўй бериши керак. Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизими эслатмасида айтилишича, бемор билан 2 метрдан кам масофада 15 дақиқадан кўп ёнма-ён бўлиш яқин алоқа ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, поезд ёки автобусларда вирусни юқтириш хавфи йўловчиларнинг қанчалик зич бўлишига боғлиқ. Бу эса вақт, маршрут ва минтақа билан алоқадор.
Масалан, аввал ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда гавжум бўлган Лондон метросида респиратор касаллиги юқиши эҳтимоли сезиларли даражада юқори.
Аммо, агар тиғиз пайтда ҳаракатланмасангиз ва вагон ва автобусда йўловчилар оз бўлса, демак хавф ҳам камаяди. Бундан ташқари, касалланиш эҳтимоли салон қай даражада шамоллатилиши, ички гигиенага амал қилинганлик ва сизнинг жамоат транспортида қанча вақт қолишингизга қараб ўзгариб боради.
«Эҳтимолий зарарланган йўловчилар ва юзалар билан алоқани иложи борича камайтириш керак, — дейди Глобал соғлиқни сақлаш институти шифокори Лара Госе. — Шундай экан, тиғиз пайтларда йўлга чиқишдан тийилинг».
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси Девид Набарро BBC мухбири билан суҳбатда жамоат транспорти хавфсизлиги даражаси масаласи ҳали ўрганилмагани, аммо мавжуд маълумотлар транспорт воситасидаги йўловчилар орасида кузатилувчи «митти алоқалар» вируснинг «энг муҳим тарқалиши тури» ҳисобланмаслигини тасдиқлашини айтган.
Самолётлар
Йўловчилар «эскирган» ҳаводан нафас олиши туфайли самолётда вирус юқтириб олиш хавфи юқорилиги ҳақидаги фикр тарқалди.
Аслида, самолёт ичидаги ҳаво ишхонангиз ичидагидан тоза бўлиши мумкин, поезд ёки автобусникига нисбатан софлиги эса мутлақо аниқ.
Одатда самолётдаги йўловчилар зичлиги юқори бўлса-да, у ердаги ҳаво тез-тез янгиланиб туради.

















