NYT: коронавирус 214 миллион америкаликка юқиши мумкин
АҚШда коронавирус туфайли 200 мингдан 1,7 миллионгача одам ҳалок бўлиши мумкин, деб ёзмоқда The New York Times таҳлилчиси Шери Финк газетанинг 13 март куни эълон қилган сонида. У касалликларни профилактика ва назорат қилиш маркази маълумотлари асосида мақола ёзган.
Мақолада ёзилишича, февраль ойида касалликларни профилактика ва назорат қилиш маркази ходимлари мутахассис вирусологлар билан биргаликда вируснинг тарқалиш тезлиги ва унинг қанчалик қийин кечишига қараб воқеалар ривожидан илгарилаган ҳолда бир нечта эҳтимолий вариантни кўриб чиқишди. Энг ёмон ҳолатларда вазият қандай бўлиши ҳақидаги бу ҳисоботни АҚШ аҳолиси орасида вирус тарқалишининг эҳтимолий йўналишларини тавсифлаган 50 га яқин олимлар гуруҳи кўриб чиқди.
Уларнинг тахминига кўра, АҚШда коронавирус эпидемияси тарқалиши ортидан касаллик энг ёмон ҳолатларда 160-214 миллион америкалик фуқароларга юқиши мумкин. Шу билан бирга, 2,4-21 миллион нафаргача фуқароларни касалхоналарга ётқизиш эҳтиёжи пайдо бўлиши мумкин ва бу табиийки соғлиқни сақлаш соҳасида инқирозни юзага келтиради.
Бугун АҚШ шифохоналари бир вақтнинг ўзида 925 минг нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга. Уларнинг атиги 10 фоизи ўта оғир беморлар учун мўлжалланган. Шу туфайли коронавирус юқтирган одамларга касалхоналарда жой етмаслиги ва бунинг оқибатида қурбонлар сони кўп бўлиши мумкин.
Мақолада таъкидланишича, мамлакатда вирус тарқалиш тезлиги федераль ва маҳаллий миқёсда кўрилаётган шошилинч чоралар туфайли камайиши мумкин. Мисол тариқасида Хитойда касаллик тарқалишига қарши қўлланилган агрессив карантин чоралари ҳақида ёзилган.
Қизиғи, таҳлилчиларнинг ҳисоботи 28 февралда эълон қилинган ва унда ҳали АҚШда коронавирус тарқалиш хавфи бугунгидай долзарб муаммо эмасди. Флорида университети юқумли касалликлар статистикаси марказининг раҳбарларидан бири Айри Лонжин бугунги кунда воқеалар ривожи экспертлар тахминини оқлаётганини айтди. Ҳозиргача АҚШда коронавирусдан 41 киши вафот этган, уларнинг 31 нафари пойтахт Вашингтонда. Мамлакатда жами 1 635 нафар одамда касаллик аниқланган.
Оғир пневмонияни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вируси эпидемияси 2019 йил декабрь ойининг охирида Хитойнинг Уҳан шаҳрида бошланди. Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирус юқтирганлар сони 123 мамлакатда 131 минг кишидан ошди, қарийб 5 минг бемор вафот этди.
АҚШдаги ҳолат оғирлашганидан кейин кеча 13 март куни президент Дональд Трамп мамлакатда фавқулотда ҳолат эълон қилди. Оқ уй раҳбари вирусга қарши курашиш учун давлат ҳеч нарсани аямаслигини ҳамда унга қарши курашиш учун 50 миллиард долларгача маблағ ажратилиши мумкинлигини айтди. Коронавирусга қарши кураш учун ишлаб чиқилган илк дастурда эса АҚШ давлат ғазнасидан 8,5 миллиард доллар ажратилганди.