Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида радиоалоқадан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Қоидалар дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги уларга тенглаштирилган чет эл давлатлари халқаро ташкилотларининг ваколатхоналари радиоалоқасига тааллуқли эмас.
Ҳар бир радиоэлектрон восита (РЭВ) фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда радиочастота органлари томонидан берилган рухсатномаларга мувофиқ ўрнатилиши ва эксплуатация қилиниши мумкин.
Радиочастота спектридан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси радиочастота спектридан фойдаланишни тартибга солиш соҳасида ишларни мувофиқлаштириш бўйича идоралараро коллегиал орган ҳисобланадиган Радиочастоталар бўйича республика кенгаши (РЧРК) томонидан белгиланади.
Радиочастота органлари бўлиб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳисобланади. Радиочастота органлари бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан бир қаторда РЧРК таркибига киради ва унинг аъзоси ҳисобланади.
Радиоалоқа воситаларидан фойдаланадиган юридик ва жисмоний шахслар рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилганда, радиочастота органи билан тузилган фойдаланиш шартномасида назарда тутилган радиоалоқа воситаларидан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига ва шартларига риоя қилишлари ва фойдаланиладиган радиоалоқа воситаларининг радионурланишга белгиланган нормаларга мувофиқлигини таъминлашлари керак.
Радиочастота органлари радиоэлектрон воситаларни эксплуатация қилиш хусусиятлари билан боғлиқ шароитларда, шунингдек алоҳида радиочастоталардан фойдаланиш имконияти бўлганда, белгиланган тартибда улардан фойдаланишни тўхтатиш, тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш ҳуқуқига эгадирлар.
Радиочастота органлари ва Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси радиоэлектрон воситаларни эксплуатация қилишни, уларнинг белгиланган стандартлар ва нормаларга номувофиқлиги, фуқароларнинг хавфсизлиги, атроф-муҳитни қўриқлаш таъминламаган ҳолда, шунингдек алоҳида ҳолатларда белгиланган тартибда тақиқлашлари мумкин.
РЧРК қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда вақт ва (ёки) ҳудуд бўйича радиочастота спектридан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйиш ёки чеклашга ҳам ҳақлидир.










