Президентнинг “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Республика иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали мутахассисларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан 2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш умумий параметрлари, шу жумладан:

а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 101 555 нафар этиб;

сиртқи таълим шаклига – 25 863 нафар этиб;

кечки таълим шаклига – 4 368 нафар этиб;

б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 10 643 нафар этиб тасдиқланади.

2020/2021 ўқув йилида таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси тасдиқланади.

Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

зарурат бўлганда, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш учун давлат буюртмаси параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг, шу жумладан республиканинг олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул параметрларини белгилаш;

қарор билан тасдиқланган грант ўринлари параметрлари доирасида зарурат юзага келган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритиш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида олий таълим муассасаларининг (ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларидан ташқари) нуфузи ва ҳудудий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдорининг ягона кўрсаткичларини таълим соҳалари ва республика ҳудудлари бўйича белгилаш.