Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институти ташкил этилиши кутиляпти.
Белгилаб қўйилишича, Институт “Солиқлар ва солиққа тортиш”, “Молиявий назорат ва аудит”, “Солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи”, “Иқтисодиётда ахборот технологиялари” таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Институт тузилмасида Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг бўлинмаси (факультети) ташкил этилади ва унинг моддий-техник таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Институтда кадрларни тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланади:
профессор-ўқитувчилар таркибини юқори даражадаги касбий ва педагогик маҳоратга, шу жумладан, амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар билан жамлаш;
халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантириш тизимига босқичма-босқич ўтишни таъминлаш;
малакали кадрлар тайёрлашни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликларни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари (Business Intellegence) ва солиқ маъмурчилигида илғор ахборот технологияларини (Big Data) қўллаш асосида ташкил этиш;
ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, шу жумладан педагогик ва ахборот технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларини кенг жорий этиш, талаба, тингловчи ва педагог кадрларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ҳамда таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;















