Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

2020-2025 йилларда Ўзбекистонда математика фанлари бўйича таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқотларнинг натижадорлиги ва амалий аҳамиятини ошириш, иқтидорли ёшларни кенг миқёсда жалб қилишнинг мақсадли дастури тасдиқланади.

Мақсадли дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

мактабгача таълим ташкилотларида илғор хориж тажрибаси асосида илк математик тасаввурларни шакллантиришнинг замонавий педагогик технологияларини жорий қилиш;

мактабгача таълим ташкилотларини математикага оид интерактив дидактик ўйинлар ҳамда мультимедияли маҳсулотлари билан таъминлаш;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида математика фанларини ўқитиш сифатини ошириш, ҳудудларда математика ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш ҳамда янги мактабларни ташкил этиш;

математика фани бўйича маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларида ёшлар иштирокини таъминлаш;

математика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаштириш тизимини жорий қилиш, олий таълим муассасаларида математика фани бўйича машғулотларни кўпайтириш ва таълим бериш сифатини ошириш;

математика соҳасидаги илмий-тадқиқотларнинг ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, амалий математикани ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни моделлаштириш асосида математик ечимларни ишлаб чиқиш;

математика соҳасида таълим олаётган ва илмий-тадқиқотлар билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, чет элдаги университет ҳамда илмий ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш.

Мактабгача таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг қуйидаги таклифларига розилик берилади:

мактабгача таълим ташкилотларида илк математик тасаввурларни хорижий тажрибага мувофиқ шакллантиришни ташкил этиш;