Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистонда короновирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида брифингда карантинда сақланаётганларнинг аҳволи ҳақида маълум қилди.
«Шу пайтгача Ўзбекистон фуқароларининг 7900 нафардан кўпроғи карантинда бўлди. Шу пайтгача 5700 нафардан ортиқ одам карантин талабларини ўтаб, уйларига қайтди. Ҳозирги кунда 2100 одам карантинда турибди.
Тошкент вилоятининг «Бўстон», «Энергетик» санаторийларида ва Тошкент шаҳридаги 6-сонли шифохонада карантинда ушланган шахслар барча шароитлар билан таъминланган», деди у.
Маълум қилинишича, уларнинг барчаси етарли тиббиёт ниқоблари ва санитария геллари билан таъминланган. Уларнинг соғлиги тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинган. Бундан ташқари, карантиндаги фуқаролар нафақат касаллик туфайли назоратда, балки соғлигини тиклаб олиш учун ҳам имкониятга эга.
Нурмат Отабеков коронавирус беморлари давлат ҳисобидан даволанишини таъкидлади.
«Коронавирус билан касалланганлар давлат бюджети ҳисобидан бепул даволанади. Улардан даволаниш учун ҳеч қанақа дори-дармон сотиб олишлари талаб қилинмайди», – деди у.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг қўшимча қилишича, касалланганларни қабул қиладиган шифохоналарда етарлича шароитлар яратилган.
«Бугунги кунда минг нафар беморни тўлиқ даволашга етадиган дори-дармон захираси яратилган. Вазиятга қараб, бунинг миқдорини ошириб бориш мумкин. Бундан ташқари, турли махсус аппаратларни ишлатиш учун шифокорлар ўқитилган», дейди у.
Нурмат Отабеков хориждан келаётган фуқароларнинг барчаси (тиббиёт муассасаларида карантинга жойлаштирилмаганлар) уй шароитида карантинга олинаётгани ҳақида маълум қилган.
«Коронавирус ҳозиргача 155та давлатда аниқланган. Ўзбекистонда ҳам 16 март кунигина расман аниқланди. 15 март куни лаборатор-скринингдан кейин инфекция Ўзбекистонга ҳам киргани аниқланган. Унга қадар ҳам 1070та текширув ўтказилган. Ўзбекистон коронавирус бўйича маълумотни яширишни истамайди. Инфекцияни яшириб бўлмайди ҳам. У барибир эртага қаердадир ўзини кўрсатади.
Ҳозирда карантин икки кўринишда ўтказиляпти. Чартер рейслар билан бошқа давлатлардан олиб келинаётган юртдошларимизнинг барчаси изоляция қилиняпти ва текшириляпти. Агар фуқаро ўзи алоҳида келса, унга уй шароитида карантин белгиланяпти.
















