Синов дунё. Вирус ҳам синов. Қандай синов, дейсизми?

Шундай синовки, у нафақат кишиларни, балки бутун халқни синайди.

Йўқ, мен Сизга айтсам, гап янада жиддийроқ – вирус халқнинг қай даражада ХАЛҚ бўла олганини кўрсатади.

Қандай қилиб?

2020 йил, 15 март, пешиндан олдин. Жияним билан дорихона олдидан ўтаётгандик. У: «Амаки, антисептик гель олайлик, мактабда ишлатаман» деб қолди (ҳали мактаблар «ёпилиши» ҳақида хабар тарқалмаган эди).

Жияним дорихонага кириб, икки дона гель олиб чиққач, ажабланган ҳолда менга бир манзарани чизиб берди. Гап шундаки, у гель сотиб олаётган пайтда дорихонага бир киши кириб, сотувда қолган гелларнинг ҳаммасини сотиб олиб кетибди...

«Жаноб Коронавирус»

Жияним чизиб берган манзара бошқа бир манзарани кўз олдимга келтирди.

Дейлик, вирус бу – онгли мавжудот. Ва унинг мақсади – халқларни забт этиш. Онгли мавжудотнинг эса хурсанд қиладиган ва уни хафа қиладиган нарсалари бўлади. Бунда вируснинг йўлини тўсувчи нарса уни ранжитади, унга йўл очувчи омил эса – хурсанд қилади.

Энди вирусга қарши турувчи халқни ҳам онгли бир шахс сифатида тасаввур этамиз. Унда бу «шахс»нинг вирусга қарши қиладиган ҳаракатлари, табиийки, мантиқли-тизимли бўлиши керак. Чунки ҳаракатларида мантиқ бўлмаса, вирусга қарши турувчини биз онгли мавжудот деб атай олмаймиз.

Ягона организм

Инсон организми бу – ақлли, ичида кечадиган ўзгаришларга тезкор равишда чора кўрадиган тизим. Танада вирусларга қарши доимий ва мунтазам кураш кечиб туради. Доимий! Бу сатрларни ўқиб турган пайтингизда ҳам танангизда бу кураш давом этяпти.

«Нега унда вируслар инсоният тинчлигига баъзида оламшумул рахна солиб қолади» дерсиз? Гап шундаки, гоҳида дунёнинг бирон-бир нуқтасида шундай вирус пайдо бўладики, инсон танасидаги тизим уни «таний олмайди» – зараркунанда деб қабул қилмайди. Натижада инсоният учун катта хавф пайдо бўлади ва... бундай вирус оламга машҳур бўлиб кетади.

«Жамият» ва «организм» – моҳиятан бир тушунча – иккисини ҳам «воқеликда юзага келадиган ўзгаришларга тезкор равишда жавоб берувчи тизим» деб таърифласа бўлади. Энди савол: биз қанчалик жамиятмиз?