Жамият | 11:00 / 19.03.2020
64279
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус Ўзбекистонга кириб келгани Сурхондарё кўчалари ва бозорларида нималарда аён бўлмоқда — видео

Карантиннинг илк куни Термиз шаҳридаги аксарият дорихоналарда тиббиёт ниқоби қолмади. Айрим дорихоналарда ҳар дақиқа ўнлаб мижоз фақат ниқоб сўраб келиши кузатилди. Яна кўплаб одамлар тиббиёт қўлқопи, антисептик воситалар ва спирт учун киришди. Иккинчи кунга келибгина дорихонага кирувчилар сони ўз-ўзидан пасайди.

Сўнгги 24 соат ичида республиканинг турли вилоятларидан таҳририятга айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт хизмати нархлари ошиб кетганидан шикоятлар кела бошлади. Айрим дўконларда нархлар кўтарилиши сабаби барчага маълум — карантин чоралари эълон қилинганидан сўнг бир қатор ҳудудларда айрим кишилар озиқ-овқат захирасини ғамлашга киришиши ортидан нархлар ҳам кўтарилди.

Лекин Термиз шаҳрида ниқоб ва тиббиёт воситаларига талаб ошгани ҳолда одамларнинг озиқ-овқат захира қилиш саросимаси кузатилмади.

Шаҳардаги асосий деҳқон бозори — «Яшил дунё»да бўлиб аҳоли ва сотувчилар фикри билан қизиққанимизда нархлар олдинги ҳолатида тургани маълум бўлди.

Шунингдек, Термиздаги энг йирик супермаркетлардан бири «Индемин» супермаркети бошқарувчиси Баҳром Тўраевнинг айтишича, сўнгги бир кунда гуруч, шакар, картошка каби маҳсулотларга талаб сезиларли даражада ошган.

Айни кунларда Термиздаги бозор ва дўконларда картошка 3500-3700 сўм, гуруч 4500-7000 сўм, қолипли нон, 1500 сўм, сабзи 1000 сўм (тўғралгани 2000), шакар 4000-5000 сўмдан сотилмоқда. Захира учун «ур-йиқит» йўқ.

Аммо транспорт хизмати ҳақда бундай деб бўлмайди.

Сурхондарёда олийгоҳда таълим олаётган талабалардан бири таҳририятга мурожаат қилди. Тошкентдан турли шаҳарларга, уйларига кетаётган талабалар учун эълон қилинган 50 фоизлик чегирма вилоятлардан Тошкентга келадиган талабалар учун қўлланмаётган экан. Айни пайтда Термиз – Тошкент йўналишидаги автобусга чипта нархи 78 минг сўм бўлиб, бу айрим талабаларга оғирлик қилади.

Термиз автошоҳбекати ходимлари ҳам бу ҳолатни тасдиқлашди. Сурхондарё вилоят транспорт бошқармаси ва Термиз шаҳар ҳокимлиги вакилларининг фақат оғзаки кўрсатмаси билан талабаларга 50 фоиз чегирма қўлланадиган бўлди.

Термизда жамоат транспортлари нархи ўзгармаган, аммо шаҳарлараро қатновчи йўналишли таксилар нархи кескин кўтарилиб кетган.

Йўловчилар ана шу ҳолатдан кўпроқ норози бўлиб ҳайдовчиларни инсофга чақирмоқда. Аммо афтидан инсоф ҳар ким учун ҳар хил тушунча. Нима бўлганда ҳам бу ҳолатни вақтинча деб умид қиламиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид