Жамият | 17:46 / 19.03.2020
14779
3 дақиқада ўқилади

«Ота-оналардан кечирим сўраймиз» — Ургутда ўқувчиларнинг сурати Телеграм’да тарқатилганига расмий муносабат билдирилди

Ургут туман ХТБ раҳбарияти томонидан 70-умумтаълим мактаб директори Ш.Шарапов ҳамда унинг маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Суяровларга амалга оширган ишлари қонунчилигимизга тўғри келмаслиги тушунтирилган ва уларга интизомий чора кўрилган.

Фото: KUN.UZ

2020 йил 18 март куни Kun.uz’да «Ургутдаги мактабда дарсга кеч қолган ўқувчилар сурати Телеграм’да нега тарқатилди?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Ургут туманидаги 70-умумтаълим мактаби раҳбариятининг дарсга кечикиб келган ва дарс қолдирган ўқувчилар фотосуратлари Телеграм мессенжерида эълон қилингани танқид қилинган эди. Ургут туман ХТБ мақолада ёритилган иш бўйича муносабат билдирди.

Kun.uz’га тақдим этилган баёнотда ёзилишича, ҳолат бўйича Ургут туман ХТБ томонидан текширув ўтказилган ва мақолада келтирилган фактлар ўз исботини топган.

Текширувда аниқланишича, Ургут ХТБ тасарруфидаги 70-умумтаълим мактабида директорнинг ташаббуси билан Телеграм мессенжерида ота-оналар гуруҳи очилиб, унда таълим муассасасида ўқийдиган ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган мусобақалар, кўрик-танловлар натижалари ҳақидаги фотосуратлар билан бир қаторда ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиш ва яхшилаш мақсадида дарсга кеч қолган ҳамда дарс қолдирган ўқувчиларнинг расмлари эълон қилиб борилган.

Ургут ХТБ мудири Б.Обломуродов томонидан билдирилган муносабатда жумладан шундай дейилади: «Ургут туман халқ таълими бўлими томонидан тумандаги умумтаълим мактаб раҳбарларига ўқувчилар давоматини яхшилаш ва назорат қилиш бўйича нафақат Телеграм мессенжерида, балки бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам турли гуруҳлар очиш ва унда дарсга кечиккан ёки дарс қолдирган ўқувчиларнинг фотосуратларини бериб бориш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган.

Агар қайсидир мактабда ёки синфлар бўйича бундай гуруҳлар бўлса, улар ота-оналар ва мактаб раҳбарияти маслаҳати билан очилган. Шунингдек, бундай гуруҳлар очиш ҳақида Халқ таълим вазирлигидан ҳам ҳеч қандай топшириғи берилмаган. Ургут туман ХТБ юзага келган ҳолат учун ўқувчиларнинг ота-оналаридан узр сўрайди».

Ургут туман ХТБ раҳбарияти томонидан 70-умумтаълим мактаб директори Ш.Шарапов ҳамда унинг маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Суяровга амалга оширган ишлари қонунчиликка тўғри келмаслиги тушунтирилган ва уларга интизомий чора кўрилган.

Мавзуга оид