Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов бу мамлакатдаги ўзбек талабалар ўртасида ижтимоий сўров ўтказди. Натижалар аниқлигини таъминлаш учун Кореянинг 4та йирик шаҳри – Сеул, Бусан, Тегу ва Дежонда ўқиётган талабаларнинг фикрлари жамланди.
Саволлар ва унга берилган жавоблар шарҳи билан қуйида танишишингиз мумкин.
Қайси олийгоҳда таҳсил оласиз?
Сўровнома иложи борича ҳаққоний вазиятни акс эттиришига эришиш мақсадида, иштирокчилар рўйхати турли йўналишларда билим олаётган ёшлардан тузиб чиқилди.
Корея университети, Ёунгнам университети, Кюнгбук миллий университети, Йонгсан университети каби 6-7та олийгоҳ талабалари ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда саволларимизга жавоб беришди.
Грантда ўқийсизми ёки контракт асосида?

Сўровномадан аён бўлдики, аксарият талабалар тўлов эвазига таҳсил олишмоқда. Корея ҳукумати томонидан ажратилган грант ғолиблари ҳам йўқ эмас.
Қайд этиш керак, Жанубий Корея олий таълим тизимида мутлақ грант ёки доимий тўлов шартномаси асосида ўқиш деган тушунча йўқ. Бир семестрдаги ўзлаштириш даражангиз кейинги семестрда бепул ёки маълум миқдордаги тўлов эвазига таҳсил олишингизни белгилаб беради.
Жанубий Кореяда ўқиш ва яшаш учун уйдан ёрдам пули чақиртириб турасизми?

Ватандан ташқарида яшашнинг ўзига яраша машаққатлари борлиги янгилик эмас. Хоҳ тил курси бўлсин, хоҳ бакалавр ёки магистратура даражасини олиш мақсадида келган талабалар бўлсин, қўлдан келганча ўз харажатларини ўзлари қоплашга бор кучлари билан ҳаракат қилаётганликлари кўринди.
Сўровнома натижасида маълум бўлдики, юртдошларимиздан баъзиларида Ўзбекистондан моддий ёрдам олиш эҳтиёжи туғилган. Бу ҳол асосан чет элдаги ўзгача муҳитга кўникиб улгурмаган ва ҳали ишга жойлашиб, маош олмаган ёшларда кузатилди.
Аксарият респондентлар бирон марта уйдан ёрдам пули сўрамаганликларини билдиришди.



















