Ҳатто инфекция мустаҳкамланади ва одатий грипп каби мавсумий ҳолга келади, деган тахмин ҳам мавжуд. 

Унинг юқиши фақат вақт масаласи бўлса, қандай қилиб касалликнинг олдини олиш ҳақида эмас, балки унга қандай тайёргарлик кўриш ҳақида ўйлаш керак: душманни юзидан таниган маъқул.

BBC’нинг рус хизмати SARS-CoV-2 коронавируси ҳақида энг очиқ саволларга жавоб беради.

Вируснинг ўзи нима?

Вирус — бу ҳимоявий оқсил қатламга ўралган майда генетик код парчаси. Унинг зарралари шунчалик кичикки, вирусни одатий микроскопда ҳам аниқлаб бўлмайди: 100 миллион нусхадаги янги коронавирус игна учига осонгина жойлашади.

Митти ҳажм — бу вируслардан ҳимояланиш жуда мушкуллигининг сабабларидан биридир. Инфекция юқтирган беморнинг ҳар йўталишида ҳар бирида миллиардлаб вирус зарралари бўлиши мумкин бўлган майда тупук томчилари учиб кетади. 

Вирус ҳужайрага кириб, уни оддий оқсиллар ўрнига вирус нусхаларини яратишга мажбур қилади — инфекция шундай ривожланади. 

Янги коронавирус қаердан пайдо бўлган?

Фанга ўнлаб миллион вируслар маълум ва янги, илгари номаълум турлар доимий равишда кашф қилинмоқда. 

Шу билан бирга, уларнинг аксарияти одамлар учун мутлақо безарардир — атиги бир неча юз вирус турлари хавф туғдиради ва ҳатто иммунитетимиз эволюция босқичларида уларнинг аксариятига қарши муваффақиятли курашишни ўрганган.

Фото: Getty Images

Бироқ вируслар ҳам ривожланиб боради ва баъзан мутация натижасида илгари фақат ҳайвонларда учраган инфекция инсон танасига кириб бориши мумкин. 

Бундай «янги» вируслар айниқса хавфлидир, чунки одам иммунитети улар билан ҳеч қачон учрашмаган ва ҳимоя механизмини яратмаган.

Натижада, вирус эпидемияга айланиб, одамлар орасида фаол тарқала бошлайди. Айнан шу ҳолат ОИВ, SARS, MERS ва бугунги янги коронавирус билан содир бўлди.

Вирус ўзидан аввалги SARS ва MERS’дан қандай фарқ қилади?