Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов бу мамлакатдаги ўзбек талабалар ўртасида ижтимоий сўров ўтказиб, корейс олий таълими ва унинг ўрнак олиш мумкин бўлган жиҳатлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Натижалар аниқлигини таъминлаш учун Кореянинг 4та йирик шаҳри – Сеул, Бусан, Тегу ва Дежонда турли мутахассислик бўйича ўқиётган талабаларнинг фикрлари жамланди.
«Уйдан пул сўрамаймиз, аксинча...» – Кореядаги ўзбек талабалари ўртасида ижтимоий сўров (1-қисм)
Кореяда таҳсил олишнинг сизга маъқул келмаган томонлари борми?
Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тош-у тарози, деб бежиз айтишмаган. Кўплаб ижобий томонлари бўлгани каби, хорижда яшаб, ўқишнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари ва у ердаги тизимнинг маъқул келмаган жиҳатлари топилади, албатта.
Аксарият талабалар тил масаласида эътироз билдирдилар. Жанубий Корея олийгоҳлари хорижлик талабалар учун кўнгли очиқ мамлакатлардан саналади. Шу боисдан, инглиз тили таълим тили ҳисобланган йўналиш ва ўқув юртлари бисёр. Муаммо шундаки, инглиз тилидаги имкониятлар корейс тилидагига қараганда анча суст бўлиб чиқди. Университет портал тизими, муҳим адабиётлар айнан давлат тилида экани ва профессорларннг инглиз тили даражаси танқид остида қолди.
Таълим билан алоқадор масалада корейс тилининг доминантлиги тилга олинган бўлса, яшаш тарзи ҳақида гап кетганда ватан соғинчи, оила аъзолардан узоқда бўлиш ва ўзбек таомномасига ўрганган кишиларнинг корейсча аччиқ овқатларга мослаша олмаганликлари Кореяда таҳсил олишнинг оғриқли нуқталаридан эканлиги айтиб ўтилди.
Қўшимча сифатида айтиш керакки, мамлакат таълимида ўқувчини мажбурлаб, тергаб дарсга жалб этиш тажрибаси йўқ. Маълум бўлишича, айнан шу масала ҳам айрим юртдошларимизга маъқул келмаган.
Баҳо олишда коррупция аломатларини сезганмисиз?
Сўровномада иштирок этган барча талабалар бир овоздан манфий жавоб қайтаришди: «Йўқ, пора аломатлари умуман кузатилмаган».
Маълумот учун, Кореяда талаба ўз хоҳиши билан профессор-ўқитувчини ширинлик ёки кофе билан меҳмон қилиши, устозларнинг байрам вақтларида турли ҳадяларни олиши қатъий қораланади.















