Жамият | 18:13 / 24.03.2020
3634
2 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида бошқа давлатлардан почта жўнатмаларини қабул қилиш тўхтамайди, лекин кечикишлар бўлиши мумкин

Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-эпидемиологик жиҳатдан хавфсизликни таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда ва юбормоқда. Бу ҳақида Ахборот технологиялари ва телекоммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов АОКА қошидаги махсус штабда ўтказилган онлайн брифингда маълумот берди.

«Бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Почта хизмати стратегик аҳамиятга эга, чунки ҳар қандай ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик вазиятда ҳам почта хизматига бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтаб қолмаган, аксинча, доимий равишда ўсиб боради», дея таъкидлади Шерзод Аҳматов.

Унинг қайд этишича, почта тизимида хавфсизликни таъминлаш, почталар орқали келиши мумкин бўлган турли эпидемиологик ҳолатларнинг олдини олишга доимий равишда жиддий эътибор қаратилмоқда: Почта санитария-эпидемиология хизмати билан параллел равишда иш олиб боради.

«Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-эпидемиологик жиҳатдан уларни хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда ва юбормоқда», дея Шерзод Аҳматовнинг сўзларини келтирмоқда мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, глобал хавфсизлик чоралари кучайиши туфайли кўпгина мамлакатларда ҳаво ва темир йўллари транспортларининг ҳаракатланиш режалари ўзгартирилмоқда ёки камайтирилмоқда.

Кўплаб йўналишларга эса ҳаво транспорти қатнови бутунлай тўхтатилган. Шу туфайли кўп мамлакатлардан почта жўнатмалари кириб келишида вақт нуқтайи назаридан муаммолар юзага келиши мумкин.

Мавзуга оид