Жамият | 16:08 / 25.03.2020
1290
2 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш агентлиги: Акциядорларга ҳам қулайлик яратиб берилади

Хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлислари ва акциядорларнинг умумий йиғилишларини онлайн режимда масофадан туриб кузатиш имконияти яратиб берилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов AОКA қошидаги коронавирусга қарши ташкил этилган штабда ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

«Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият туфайли давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалда бўлган шартномаларга асосан харид тўловлари ўз вақтида бажарилмаса, Инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, муддат қайта кўриб чиқилади. Тадбиркорлардан яратилган бу каби қулайликлардан фойдаланиш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳамда ҳудудий комиссияларга мурожат қилишларини сўраймиз.

Республика комиссияси топшириғига кўра, юзага келган карантин ҳолатида акциядорларга ҳам қулайлик яратиш мақсадида хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлислари ва акциядор (иштирокчи)ларнинг умумий йиғилишларини онлайн режимда масофадан туриб, замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда овоз бериш орқали ўтказиш тизимини бир ой ичида жорий этиш юзасидан Агентлик томонидан чора тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Бу бўйича алоҳида баёнот берилади», дейди Мўмин Ибодов.

Савол ва қўшимча маълумотлар бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигининг марказий аппарати ёки ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишлари, шунингдек, +998712592258, +99871259-21-38 рақамлари орқали мурожаат қилиш сўралади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид