“Сенатнинг 24 мартдаги ялпи йиғилишида маъқулланган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига киритилаётган ўзгаришлар юзасидан айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан “адвокат сўзлашувини назорат қилиш прокурор санкцияси билан мумкин  бўлиши” ҳақида аҳолини чалғитувчи нотўғри материаллар тарқатилди.

Ушбу маълумотлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:

Биринчидан, Қонуннинг ушбу моддаси 1998 йилдан буён амалда бўлиб, унга киритилаётган ўзгариш фақат таҳририй характерга эга, яъни амалдаги матндаги “...телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш ...” сўзлари...телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувларини, хабарлари ва маълумотлари узатилишини назорат қилиш ...” деган сўзлар билан таҳрирланяпти. Ушбу ўзгариш замон талаби, чунки нафақат телефон сўзлашувлари, балки телекоммуникация қурилмалари (компьютер, планшет, смартфон в. б.) орқали  смс, ёзма, аудио, видео ва бошқа хабарлар юбориш кенг қўлланилмоқда, шу жумладан жиноий мақсадларда ҳам;

Иккинчидан, ушбу моддада адвокатнинг дахлсизлик ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, унга кўра бошқа фуқаролардан фарқли равишда адвокатга нисбатан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш, жиноят-процессуал ҳаракатлар ва мажбурлов чоралари қўллашнинг алоҳида тартиби белгиланган.