Жиззах вилоят ҳокимининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Жиззах шаҳрини карантинга олиш тўғрисида”ги 2020 йил 27 мартдаги 101-сонли қарори имзоланди.

Қарор вилоят ҳудудига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан вилоят штаби қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинди.

Вилоят ҳокимининг 2020 йил 25 мартдаги 98-сонли қарори билан тасдиқланган вилоят ҳудудига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан вилоят штаби қарорларига мувофиқ Жиззах шаҳрига 2020 йил 28 март соат 00.01дан бошлаб кириш ва чиқиш тўхтатилди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан Жиззах шаҳрига кириш чиқишни назорат қилиш учун қўшимча йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постлар ташкил этади.

Жиззах шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади.

Ташкил этилган йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постларини пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчовчи) ва ўтишга рухсат этилган автотранспорт воситаларини мажбурий равишда дезинфекция қилинади.

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Истиқлол” ва “Ўрда” экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилиб, фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши таъқиқланади.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиб, тартибнинг амал қилиш даврида қуйидагилар киради:

Бошқа ҳудудлардан Жиззах шаҳрига кириш ва чиқиш, шунингдек шаҳар ичида ҳаракатланувчи автобус, микроавтобус воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилади, енгил автомобилларнинг ҳаракати қисман чекланади;

Жиззах шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, бошқа туманларда доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Жиззах шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат ва хусусий автомашиналарида ёки автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар асосида бошқариши мумкин бўлган автотранспорт воситаларини белгиланган тартиб ва қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади;