Ўзбекистон | 09:20 / 28.03.2020
6397
3 дақиқада ўқилади

Пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилади

Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4633-сон “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:

пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш ҳамда мазкур кооперацияларнинг асосий вазифалари белгиланган;

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерларига белгиланган имтиёзлар пахта хом ашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади.

Пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлар ҳамда мазкур ҳудудларда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари (ихтисослиги бўйича) рўйхатини;

б) “Ўзпахтасаноат” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари рўйхатини шакллантиради ҳамда уларнинг устав капиталидаги давлат улушларини аниқлайди;

в) “Ўзпахтасаноат” АЖ билан биргаликда:

пахта тозалаш корхоналаридаги давлат улушларини номинал ва баланс қийматларида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали ҳудудий Давлат активлари бошқармаларига берилишини таъминлайди;

кооперация таркибига киритиладиган корхоналарнинг устав капиталига киритилмаган фаолият йўналишига алоқадор бўлмаган ер майдонлари, бино-иншоотлари ва мол-мулкларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари балансига ўрнатилган тартибда ўтказилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда қарор билан тасдиқланган Низом талаблари асосида пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилмаган тегишли ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликлари томонидан ихтиёрийлик асосида кооперацияларни ташкил этилишини, кооперацияларнинг таъсис йиғилишлари ўтказилишини, таъсис ҳужжатлари тасдиқланиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид