28 март куни Kun.uz мухбири Тошкент вилояти Ўртасарой ҳудудида ташкил этилган карантин ҳудуди билан яқиндан танишди. Мослаштирилган контейнерлардан тайёрланган ўзига хос яшаш хоналари барча зарурий маиший техника ҳамда гигиеник воситалар билан жиҳозланган.

Объектда ишларни ташкил этиш ва бажаришга Қурилиш вазири ўринбосари Шерзод Ҳидоятов ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятов масъул этиб бириктирилган.

Шерзод Ҳидоятов

«Президентимиз топшириғи билан, мана шу ҳудудда бир вақтда 10 минг кишини қабул қилиш имконига эга карантин ҳудуди ташкил этилиши белгиланган.

Айни пайтда ҳудуднинг 650 киши учун мўлжалланган биринчи блоки фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ҳудуднинг иккинчи блоки 29 мартга ўтар кечаси фойдаланишга топширилади», – дейди вазир ўринбосари Шерзод Ҳидоятов.

Таъкидланишича, карантин ҳудудига, асосан, хориждан махсус рейс билан эвакуация қилинаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар жойлаштирилмоқда.

Агар уларда касаллик симптомлари кузатилса, кузатувдаги шахслар зудлик билан махсус шифохонага ўтказилади. Уларнинг саломатлиги ҳудудда яшаётган тиббиёт ходимлари назоратида.

«Ер ва монтаж ишлари тайёрланиши билан, Тошкент шаҳридаги Тошкент механика заводида тайёрланган контейнерлар юк машиналарда Ўртасаройга келтирилмоқда», – дея қўшимча қилди Ҳидоятов.

Вазир ўринбосарига кўра, Тошкент механика заводида бирламчи хизматга уч мингга яқин ишчи жалб этилган. Шунингдек, Ўртасарой ҳудудида 2,5 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Уларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, блоклар орасида 100 метр оралиқ масофа сақланмоқда. Бу билан карантинга олинган шахслар яшаш жойидан узоқда иш ташкил этишга эришилган.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятовнинг таъкидлашича , қурилиш объекти шахсан ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов назоратида. Қурилиш материаллари ва молиялаш манбалари билан муаммо йўқ.