Халқимиз сабрли, ҳамма нарсадан хайр ахтарадиган халқ. Шунинг учун ҳам «Охири бахайр бўлсин», деган гапни бот-бот такрорлаймиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам, тушкунликка тушмаслик, ишончнинг этагидан маҳкам тутиб, вирусга қарши биргаликда курашишимиз керак.

Зотан, севимли адибларимиздан бири айтганидек, ишонч йўқолса, орзу қолади. Орзу йўқолса, умид қолади. Умид йўқолса, илинж қолади. Илинж йўқолса... Ҳеч нима қолмайди...

Ундай кундан эса Худонинг ўзи асрасин!

Келинг, энди коронавирус эпидемиясидан ҳам бир хайр ахтариб кўрайлик. Ишонинг, дунё миқёсида эпидемиянинг яхши аломатлари ҳам секин-аста кўзга ташлана бошлади:  

1. Ҳаво ифлосланиши камайди

Дунё мамлакатлари жон талошида вирусга қарши курашаётган айни бир пайтда атмосферанинг ифлосланиш даражаси сезиларли даражада пасайган. Хитойда ҳам, Италиянинг шимолида ҳам саноат нофаоллиги ва автоуловлар қатновининг узилиши натижасида ҳавони ифлослантирувчи модда – азот диоксиди кескин камайгани айтилмоқда.

Нью-Йорк тадқиқотчиларининг маълум қилишича, асосан автомобиллардан чиқувчи углерод оксиди ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга, автомобиллар қатнови эса 35 фоизга озайган.

NASA

Кўплаб авиакомпаниялар парвозларни бекор қилган, саёҳатлар кейинга сурилган, одамлар масофадан туриб ишлаётган бу дамларда ҳаводаги зарарли газ миқдори тобора камайиб бормоқда.

Бутун дунё лидерлари бир ерга жам бўлиб ҳал қила олмаган глобал иқлим ўзгаришлари янги ва яхши эврилишлар томон юз бурмоқда. Нафсиламрини айтганда, узоқ йиллар мобайнида инсон омилидан азият чекиб, зада бўлган она табиат ва ниҳоят ўзини ўзи қайта тикламоқда.

2. Канал, денгиз, океан сувлари тозаланиб бормоқда

Масалан, Венеция аҳолиси шаҳар бўйлаб ўтган машҳур каналларнинг суви кейинги пайтларда аста-секин тозаланиб бораётганини пайқашди. Италия шимолидаги машҳур сайёҳлик йўналишидаги лойқаланиб турувчи сув оқими сўнгги кунларда шу қадар равшанлашганки, ҳатто энди сув остидаги балиқларни ҳам яққол кўришингиз мумкин...