Ўзбекистон | 17:59 / 30.03.2020
12689
3 дақиқада ўқилади

Ҳозир таксичилар такси паркларига кунлик тўловни тўлашга мажбур эмас – Транспорт вазирлиги

«Таксиларнинг йўловчи ташиши тақиқланган. Бу эса таксичиларнинг такси паркларига кунлик тўлов тўлашга мажбур эмаслигини англатади».

Фото: KUN.UZ

Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов таксиларнинг карантин давридаги фаолиятига аниқлик киритди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 март кунидан эътиборан йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга (ўзларининг рўйхатдан ўтган маъмурий ҳудуди доирасида) йўловчиларсиз, етказиб бериш хизмати (курьер, доставка) амалга оширишлари мумкин.

Бунда кўчаларда ҳаракатланиш учун автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома талаб этилмайди.

Содда қилиб айтганда, таксиларнинг йўловчи ташишига рухсат этилмайди. Бу эса ҳайдовчиларнинг такси паркларига кунлик тўлов тўлашга мажбур эмаслигини англатади.

Етказиб бериш хизмати (курьер, доставка) билан шуғулланаётган такси ҳайдовчиларининг кунлик тўловлари масаласи ҳайдовчи ва ташувчи ташкилот ўртасидаги муносабатлари меҳнат қонунчилигига асосан тартибга солинади», – деди Транспорт вазирлиги матбуот котиби.

Ашурматов Самарқанд вилоятида карантин даври бўлишига қарамай, ҳали ҳам кунлик тўлов талаб этилаётгани ҳақидаги саволга ҳам изоҳ берди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сонли қарори билан тасдиқланган ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ, тижорат асосида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг 2003 йил 1 августдаги 108-сон буйруғи билан тасдиқланган «Чипта-ҳисоб ва йўл варақасини тўлдириш бўйича» йўриқномага мувофиқ, йўл варақалари йўналишсиз таксиларнинг ишини тарифловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Йўналишсиз такси ҳайдовчиларига йўл варақаларини бериш ташувчи ташкилотнинг навбатчи диспетчери томонидан амалга оширилади. Бунда ҳайдовчилар томонидан хеч қандай тўловларни амалга оширилиши кўзда тутилмаган.

Нафақат бугунги кун шароитида, балки пандемия режимидан ташқари ҳолатда ҳам юридик шахслар томонидан йўл варақаларини берганлик учун йўналишсиз такси хайдовчиларидан кунлик тўловларни талаб қилиши хеч қандай асосга эга эмас.

Мазкур ҳолат Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси томонидан назоратга олинди», – деди Транспорт вазирлиги расмийси 30 март кунги брифингда.

Мавзуга оид