«Мирза Юсуф» жоме-масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу каби саволлар бўйича Ислом таълимоти ҳақида сўз юритди.

Банданинг ризқи кеч қолиши мумкин, лекин адашмайди

– Албатта, тижоратнинг одоби бор. Аллоҳ субҳанаҳу таоло Мулк сурасида марҳамат қилади: «Аллоҳ таоло шундай зотки, сизларга ерни бўйсундириб қўйди, унинг исталган жойида юриб, ризқ изланглар. Лекин, унутмангларки, қайтиш Аллоҳнинг ҳузуригадир».

Демак, биз ризқ талабида бўламиз ва уни ҳалол йўл билан талаб қилишга буюрилганмиз. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодида ризқ ҳалолга ва ҳаромга бўлинади. Ҳалол ризқда Аллоҳ рози бўлса, ҳаром ризқ учун Аллоҳ жазо беради.

Энди банда тижорат қилиб, зироат, саноат, деҳқончилик, боғдорчилик ёки чорвачилик билан ҳалол ризқ талабида бўлади.

Банданинг ризқи кеч қолиши мумкин, лекин адашиб кетмайди. Бировнинг ризқи бошқа бировга ўтиб кетмайди. Ўша ризқ келиши бандани ҳаромдан топишга етакламаслиги керак. Бугун шу нарса рўй бермоқда. Ҳалол ризқини озгина нотўғри тушунча билан, қаноатсизлик, инсофсизлик билан ҳаромга айлантириб қўйиш кўзга ташланмоқда айрим савдогарлар мисолида.

Савдогарлик шарафли касб – пайғамбарлар касби

– Биласизми, савдогарлик шарафли касб. Пайғамбаримиз алайҳиссолату васаллам айтганларки: «Ростгўй, садоқатли, ишончли, ҳалол савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан баробар бўлади».

Даражаси шунчалик, лекин, аксига олиб, инсофсиз савдогар бўлса, унинг жойи энг тубан жойда ҳам бўлади. Демак, тижоратнинг биринчи одоби шуки, тижоратчи ниятни тўғирламоғи керак.

«Мен тижорат қилиб, халқим яхши-ёмон кунида унга хизмат қилиб, ёрдам бераман», деб чиқса, тижорати ибодат бўлади. Аксинча, «бугун мен фойдаланиб қоламан, ҳамма оляпти, 10 сўмлик нарсани 30 сўм қиламан», деса, ният ёмонлиги учун Аллоҳ таолонинг қаҳри келади.

Тижорат билан инсон охиратининг оқибатини аниқлаб олиши ҳам мумкин

– Тижоратнинг иккинчи одоби – тижоратчи тижоратнинг илмини билиши керак. Сабаби, банда нафақат тижоратдан ризқ топади, балки савоб ёки гуноҳ ҳам топиши мумкин. Бахт-саодат ёки шақоват топиши мумкин. Охиратини тижоратдан аниқлаб олиши мумкин.