Жамият | 13:57 / 31.03.2020
32912
2 дақиқада ўқилади

ССВ матбуот котиби: Беморларнинг 65 нафари вилоятлардаги касалхоналарда даволанмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича статистик маълумотларни келтирди.

«Айни пайтда мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан зарарланиш ҳолатлари 158тани ташкил этмоқда. Уларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида, халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, беморлар билан яқин мулоқот қилган фуқаролар ҳам зудлик билан аниқланиб, улар саломатлиги устидан 14 кунлик стационар карантин кузатуви ҳам ўрнатилган. Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир. 

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг аксарияти пойтахтимизда муолажа олишмоқда ва улар орасида юртимизнинг турли ҳудудларидан бўлган фуқароларимиз ҳам бор. 

Жумладан, ҳозирда Тошкент шаҳрида юртимиз бўйича энг кўп бемор, яъни Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида жами даволанаётган 92 нафар бемордан 7 нафари соғайган бўлса, 1 нафари вафот этган. Ҳудудлар кесими бўйича: Тошкент шаҳридан 73, Бухородан 2, Қашқадарёдан 2, Навоийдан 2, Самарқанддан 7, Сирдарёдан 1 ҳамда Тошкент вилоятидан 5 нафар бемор пойтахтимиздаги ушбу тиббиёт муассасасида даволанишга ётқизилганди. 

Қолган 66 нафар бемор (шундан бир нафари вафот этган) мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда», дейилади Фурқат Санаевнинг телеграм каналида берилган хабарда.

Яқин орада вилоятлар кесими бўйича ҳам батафсил маълумот берилиши кутилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари шу вақтгача Тошкент шаҳридан ташқари, Тошкент, Фарғона, Наманган, Бухоро, Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган.

Мавзуга оид