Шу каби саволларга психолог Бобоёр Тўраев жавоб берди.
«Ваҳима қилмасликка қайта-қайта чорлайвериш акс таъсирга олиб келиши мумкин»
– Ахборот борми, уни албатта етказиш керак. Лекин уни қандай етказиш жуда муҳим. Бу ерда ахборот тарқатувчининг касбий маҳорати аҳамият касб этади.
Вирус тарқалиши ҳақида доимий ахборот берилиши, табиийки, одамларда ваҳимани кучайтиради. Яна бир томони борки, мунтазам равишда «ваҳима қилманглар», деган тинчлантирувчи хитоблар орқали одамлар орасида қўрқув уйғонишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу ахборотлар нотўғри етказилган тақдирда, уни қабул қилган одамларда умумий руҳий ҳолат ўзгаради. Сўнг иммунитети тушиб кетади. Натижада, организм бошқа касалликларга чалиниши осон кечади.

«Ваҳима уйғониши кейинчалик қатор ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади»
– Ҳаддан ташқари ваҳима ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Инсонлар ўртасида оқибат йўқолишига олиб келади, бир-бирига агрессия билан муносабатда бўлишни бошлайди. Дискриминация кучайиши мумкин.
Бозорларда нарх кўтарилгани ҳам мана шу ваҳималарнинг бир кўриниши ҳисобланади. Қўрққанидан нархларни оширади, қиммат бўлсаям одамлар маҳсулотимни олади, деб ўйлайди. Ўз-ўзидан одамларнинг дўконларга чопиши ҳам ваҳиманинг бир тури. Улар озиқ-овқат захираси тугаб қолишидан қўрқувга тушишади.
«Карантин даврида берилаётган ахборот ўқувчининг саволларига аниқ жавоб бериши керак»
– Карантин даврида тарқатилаётган ахборот ўқувчининг саволларига жавоб берадиган бўлиши керак, ваҳима уйғотадиган эмас. Журналистлар ҳаддан ортиқ ваҳима келтириб чиқарадиган ахборот тарқатмаслиги керак. Маълумот фактларга асосланган, одамни фикрлашга ва қарор қабул қилишга ўргатиши керак.
Қарор қабул қилишга ундайдиган ҳиссиёт рационал бўлади. Аксинча, инсоннинг ҳиссиётларга берилиши, кучли таъсирланиши иррационал ҳиссиёт дейилади.
«Ижтимоий узоқлашув одамларга муносабатларни қадрлашга ўргатиши мумкин»
















