Аввалги мақоламизда Андижонда Damas автомашинасининг ағдарилиб кетиши ҳодисасида ЙПХ ходими ҳам қонун талабини бузганлиги ҳақида сўз юритилган эди. «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунга кўра бундай хулоса қилиш учун асослар етарли эмаслиги маълум бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 149-сонли қарорига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ваколатли давлат органлари (шу жумладан ЙПХ инспектори – муаллиф) томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан танлаб олинган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун танлаб олинган юридик шахслар ваколатли давлат органининг хабари (мурожаати) асосида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойига олиб келишни (ташишни) таъминлайдилар.

Мазкур қарорда ҳам, ушбу қарор билан тасдиқланган «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисида»ги низомда ҳам ходимга транспорт воситасини жарима майдонига ўзи бошқариб келиш ҳуқуқи (ваколати) берилмаганини таъкидлаган эдик.

Шунингдек, Низомнинг 6-банида ушлаш жойига келган транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахснинг вакили транспорт воситасини тўхташ жойига олиб келиш (ташиш) ва унга жойлаштириш чораларини кўриши айтилган эди.

Бироқ, қонун ҳужжатларининг чуқур таҳлили шуни кўрсатдики, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига асосан ЙПХ ходимини тўла айбдор қилиб кўрсатиш мутлақ тўғри фикр эмас.