Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳудудида ЙПХ ходими томонидан жарима майдонига олиб кетилаётган Damas русумли автомашина ағдарилиб кетгани тасвирланган видео тарқалди.

Kun.uz суриштирувида аниқланишича, ҳодиса 21 март куни содир бўлган. ЙПХ инспектори Р.Мўминов томонидан тўхтатилган Damas автомашинасини бошқариб келаётган фуқаро С.А.да ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома тузилгач, ЙПХ ходими автомашинани жарима майдони томон миниб кетаётганида машинанинг олд ўриндиғида ўтирган қоидабузар ҳайдовчи унга қаршилик кўрсатиб рулга осилади ва автомашина ағдарилиб кетади.

Kun.uz таҳририяти масаланинг бошқа бир тарафига эътибор қаратишни лозим топди. Маълум бўлишича, ушбу ҳолатда ЙПХ инспектори ўзгага тегишли бўлган транспорт воситасини бошқариш ваколатига эга бўлмаган бўлиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги «Қонун ҳужжатлари бузилгани учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 149-сонли қарорига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ваколатли давлат органлари (шу жумладан ЙПХ инспектори – муаллиф) томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан танлаб олинган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун танлаб олинган юридик шахслар ваколатли давлат органининг хабари (мурожаати) асосида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойига олиб келишни (ташишни) таъминлайдилар.

Мазкур қарорда ҳам, ушбу қарор билан тасдиқланган «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисида»ги низомда ҳам ходимга транспорт воситасини жарима майдонига ўзи бошқариб келиш ҳуқуқи (ваколати) берилмаган.