Жаҳон | 09:01 / 02.04.2020
21371
2 дақиқада ўқилади

БМТ ва ЖСТ дунёда озиқ-овқат инқирози юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Бир нечта халқаро ташкилотлар раҳбарлари турли давлатлар ҳукуматлари тўғри ҳаракатлар амалга оширмаса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият дунёда озиқ-овқат етказилиши билан муаммоларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Фото: ТАСС

1 апрель куни бундай огоҳлантириш билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адхан Гебрейесус, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Роберт Азеведу ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) раҳбари Цюй Дунъюй чиқишган.

“Озиқ-овқатга эгалик борасидаги иккиланиш экспортга чекловларга олиб келиши, бу эса жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигини юзага келтириши мумкин”, деб айтилган халқаро ташкилотлар раҳбарларининг қўшма баёнотида.

“Коронавирус сабабли чегаралар ёпилган паллада озиқ-овқат тақчиллигидан қочиш мақсадида маҳсулотлар оқимларининг иложи борича эркинроқ ҳаракатланишини кафолатлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш лозим”, дейилган баёнотда.

ОАВнинг бу билан боғлиқ ҳолда эслатишича, 2008 йилги жаҳон инқирозидан кейин Ҳиндистон ва Вьетнам гуруч экспортини чеклаб қўйгани оқибатида бир қатор ривожланаётган давлатларда гуруч нархи кўтарилиши сабабли тартибсизликлар юзага келган.

ЖССТ, ЖСТ ва ФАО раҳбарларининг таъкидлашича, айни вақтда баъзи давлатларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши хорижий ишчи кучи оқимига кучли боғлиқлиги аён бўлиб қолди. Мисол учун, АҚШда кўплаб экинларнинг етиштирилиши Мексикадан келувчи мавсумий ишчилар етишмаётгани сабабли хавф остида қолган. Шундай ҳолатлар Шимолий Африка ва Шарқий Европадан келувчи ишчиларга таянган Ғарбий Европада ҳам кузатилмоқда. 

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида ишловчи кишиларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирган. ОАВнинг аниқлик киритишича, аввалроқ Италия ва Франциядаги супермаркетлар ходимлари соғлиқларини ҳимоялаш бўйича чоралар етарлича эмаслиги важи остида ишга чиқишдан бош тортишган. Шунга ўхшаш муаммоларга АҚШдаги Whole Foods савдо тармоғи ҳам тўқнаш келган.

ЖССТ, ЖСТ ва ФАО раҳбарларининг фикрича, бу муаммолар ортида халқаро ҳамкорлик муҳим кўриниш олади.

Мавзуга оид