Ўзбекистон | 15:21 / 02.04.2020
3938
3 дақиқада ўқилади

Тиббий ниқоб ишлаб чиқариш ҳажми кейинги ҳафта 5 млн донага етказилади – «Ўзтўқимачиликсаноат»

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров республика бўйича тиббий ниқоб ишлаб чиқариш ҳажми ошганини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

«Жуда қисқа муддатда «ҳимоя воситалари» ишлаб чиқарилиши бир неча баробар ошди: февраль ойида бор-йўғи 20га яқин корхона ушбу йўналишда фаолият юритган бўлса, ҳозирда ишлаб чиқариш қувватлари 10 баробарга ошиб, ҳимоя ниқобларини ишлаб чиқариш қувватлари республика бўйича 200 мингдан 2,5 миллионга етказилди ва кейинги ҳафта ичида улар 5 миллионга етказилади. Шунингдек, 12 мингдан ортиқ ҳимоя халатлари (комбинезон) ишлаб чиқарилмоқда.

Айни вақтда республика тўқимачилик корхоналари томонидан асосан 3 турдаги тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқарилмоқда: 3-4 қаватли спанбонд, докали ва трикотаж ниқоблар. Бугунги кунда тармоқ корхоналари томонидан етарли ҳажмларда тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш қувватлари яратилган бўлиб, асосий хомашё сифатида спанбонд, мельтблаун, тиббий дока, трикотаж матолар каби хомашёдан ишлаб чиқариш ташкил этилган. Тиббий ҳимоя ниқоблари ишлаб чиқариш учун керак бўладиган спанбонд хомашёси ўзлаштирилиб, Янгийўл туманида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда ҳимоя ниқоблари нарх-наволари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўрнатилиб, ишлаб чиқарилаётган шахсий ҳимоя воситаларининг улгуржи нархи фойдаланилган хомашёдан келиб чиқиб, хусусан, спандбон асосидаги ниқоблар 800-2100 сўм, докадан тайёрланган ниқоблар 1000-1500 сўм, трикотаж матосидан тайёрланган ниқоблар 1500-1700 сўм миқдорида шакллантирилган», дея ахборот берди Ҳайдаров АОКАда ўтказилган брифингда.

Илҳом Ҳайдаров тиббий ниқоблар вирусдан ҳимояланишга яроқли эканини қайд этди.

«Ниқоблар маҳаллий хомашёдан - дока (марля), трикотаж матоларидан ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бундай ниқоблар гигиеник ва сифат сертификатларига эга. Шунингдек, республикада тиббий ниқобларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган айрим турдаги хомашёлар ишлаб чиқарилиши ташкил этилган бўлиб, ушбу қувватларни ошириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Ишлаб чиқарилган ниқоблар барчаси гигиеник бўлиб, тўғри ишлатилгандагина ўз самарасини беради. Мисол учун, докали ниқоблар Россия Федерация соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан синовдан ўтказилган ҳамда вирусга қарши ҳимоя воситаси сифатида ишлаб чиқарилиши давлат ичида кенгайтирилган.

Тўқимачилик корхоналари хомашё билан таъминлаш бўйича Фармацевтикани ривожлантириш агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси билан биргаликда ниқобларни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган спанбонд хомашёсини Ўзбекистонга чартер рейслар орқали импорт қилиш бўйича ишлар олиб бориляпти ва тез кунларда хомашё Ўзбекистонга етказилади», дея ахборот берди Ҳайдаров.

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид