Қуйида агентлик берган изоҳ батафсил келтириб ўтилади.
Ушбу фаолият қандай ташкил этилган?
Рухсатномаларга бўлган талаб юқорилиги ҳисобга олиниб, ДХМда 24 соатлик иш режими ташкил қилинди. Бу – давлат органида ишни ташкиллаштиришнинг олдин кузатилмаган кўринишидир. Илгари бундай режим фақат бир марта жорий этилган: олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжатларни қабул қилишда.
Одатда янги хизмат жорий эилишидан олдин синовдан ўтказилади, 2-3 ой мобайнида хизмат кўрсатиш бўйича регламент ишлаб чиқилади, бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари тайёрланади, ходимлар ўқитилади. Талабноманинг асослилигини аниқлаш мезонлари ва ходимлар томонидан барча тафсилотларнинг тушуниши муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги ҳолатда эса, янги хизмат 12 соатдан кам вақт ичида жорий этилди, онлайн-портал иши бир кеча-кундузда йўлга қўйилди, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида эса электрон рақамли имзонинг шартлиги талаби бекор қилинди, карантин сабабли уйга юборилган ходимлар ишга жалб қилинди, зудлик билан уларни ўқитиш ишлари ташкиллаштирилди.
Махсус комиссия томонидан тасдиқланган хизмат кўрсатиш тартиби эса 31 мартдан кучга кирди.
Шу кунларда қисқа вақт ичида 150 мингдан ортиқ талабнома келиб тушди. Шундан республика бўйича 19 660 та рухсатнома берилди, 46402 тасига рад жавоби берилди, 10 004 таси талабгорларнинг ўзи томонидан қайтариб олинди.
Бир кунда барча ДХМларда 20 мингдан аризани кўриб чиқиш бўйича холис жисмоний имконият бор. Айни дамда уларни кўриб чиқиш жараёни ИИВ органлари вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Онлайн режимда ишлашга ўтилиши муносабати билан биринчи кунда кузатилганидек одамларнинг тўпланиб туриши ҳозирги кунда мутлақо бартараф этилди.
Курьерларнинг муаммоси – тақдим этилаётган ҳужжатларнинг сифатида
Стикер олиш – бу расмий жараёндир, барча ҳужжатлар ўрнатилган талабларга мувофиқ тақдим этилиши керак. Ҳар бир ходим талабномани кўриб чиққани ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги учун жавобгар ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда айрим йирик курьерлик фирмалари ва маҳсулот ташувчилар улар йирик бўлишларига қарамай, стикерлар ололмаётганлари ҳақида шикоятлар ёзишди.
Таъкидлаш жоизки, биринчидан, ушбу тизим йирик ва кичик компанияни бир-биридан ажратмайди. Агарда шундай имконият бўлса, шикоятлар кичик компаниялар томонидан айтилган бўларди ва бу асосли. Шу боис, компаниянинг даражаси ёки «машҳурлиги» ДХМлар учун ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.















