Ўзбекистон | 15:57 / 03.04.2020
16948
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлар сони 20 мингдан ошди

Уларнинг аксарияти – эркаклар. Бу ҳақда ИИВ маълумотига таяниб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга кўра, айни кунгача карантин қоидаларини бузган фуқаролар сони 22 286 нафарга етган. 6та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

«Ўтган бир сутка давомида карантин қоидаларини бузганлар 2443 нафарни ташкил этган. Ҳуқуқбузарларнинг аксарият қисми – эркаклардир», деди Шоҳрух Ғиёсов 3 апрель кунги брифингда.

Унинг айтишича, ўтган сутка давомида 2646 нафар қоидабузар ҳайдовчи аниқланган. Бу ҳолатлардан деярли ярми – 1239таси айнан карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ.

«Қоидабузарларга тегишли 683та транспорт воситаси жарима майдончаларига жойлаштирилган», дея қўшимча қилди вазирлик вакили.

ИИВ матбуот котибининг айтишича, бугунги кунга келиб, карантинга олинган аҳолининг сони 99 391 нафарга етган. Улардан 23 648 нафари тиббиёт масканларида, 75 743 нафари ўз уйларида назоратга олинган.

Маълумот учун, МЖтКнинг 54-моддасига асосан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлар қуйидагича миқдорда жаримага тортилади:

  • фуқаролар – БҲМнинг 20-30 баравари (4 460 000 – 6 690 000 сўм)
  • мансабдор шахслар – 30-50 баравари (6 690 000 – 11 150 000 сўм)

Жиноят кодексининг 244(5)-моддасига асосан, эпидемия даврида хавфли юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга зид маълумотларни тарқатиш –

– БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бу маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек интернет орқали тарқатиш –

– БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид