Ўзбекистон | 16:29 / 03.04.2020
24940
2 дақиқада ўқилади

«Сиз ишидан камчилик қидираётган ЙПХ, ППХ ходимлари тик оёқда 12 соатлаб хизмат қиляпти» – Шоҳрух Ғиёсов

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов фуқароларга яна бир бор мурожаат қилиб, мавжуд чекловларга риоя қилишга чақирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

«Фуқаролар ўзининг ва яқинларининг соғлиғини сақлашни ўйлашмаяпти. Кўпчиликнинг ўй-хаёли – мавжуд чекловлардаги лазейкаларни қидириб, уларни айланиб ўтиб кўчага чиқиш. Агар чекловларга риоя қилмайдиган бўлсангиз, улар баттар кучайтирилади, эртага умуман кўчага чиқа олмай қоласиз. Сизга шу керакми?

Сиз ишидан камчилик қидираётган йўл-патруль, пост-патруль хизмати ходимлари тикка оёқда 12 соатлаб хизмат олиб бормоқда. Айрим ходимлар 3 суткада бир марта – кийимини ювдириб-алмаштириб келиш учунгина уйларига боришяпти. Профилактика инспекторлари, уларга ёрдамга жалб этилган бошқа ходимлар карантинда бўлган фуқароларнинг уйлари тагида уйқусиз ўтиришибди. Уларнинг ҳам бола-чақаси бор. Улар ҳам чарчайди.

Ҳозир ҳеч кимга осон эмас, ҳукуматнинг қарорлари, ходимларнинг хатти-ҳаракатларидан камчилик қидирманг. Барча амалга киритилган чекловлар сизни ўзингиздан ҳимоялаш учун белгиланган.

Билиб қўйинг, кўчага транспортда чиқдингизми, йўлингизда 10 нафар йўл-патруль хизмати ходимлари учраса, ҳаммаси сизни тўхтатади. Нима учун кўчага чиққанингизни 10 марта сўрайди. Велосипедда ёки пиёда юрсангиз ҳам тўхтатади ва кўчада юришингиз сабабини сўрайди. Ҳозирги вақтда бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас», деди Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлар сони 20 мингдан ошгани маълум бўлди.

Мавзуга оид