Хўш, мамлакатда вазиятнинг бу қадар издан чиқишига қандай омиллар сабаб бўлди? Ҳукумат бундан сўнг қандай йўл тутмоқчи? Қуйидаги мақолада шу каби бир қатор саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Комендантлик соати бекор қилинади
Мамлакатда бир ярим ойдан бери давом этаётган карантиндан сўнг қурбонлар камайиб, коронавирус графиги ва ниҳоят ётиқ кўриниш ола бошлади. Бунинг ортидан ҳукумат Пасха байрамининг эртасига комендантлик соатини бекор қилишга қарор берди. Шунга қарамай, илмий қўмитанинг кўрсатмалари қатъий: башарти уйдан чиқилган тақдирда ҳам ижтимоий масофа сақланиши, жамоат жойларида ниқоб тақилиши шарт.
Ўзларини масхара қилингандай ҳис этишмоқда
Италия халқи бир томондан диний байрам шукуҳини ҳис қилишга умидвор бўлиб турган бўлса, бошқа томондан ғазабнок ҳамдир: дўст деб билган мамлакатлари энг қийин дамларда ёлғиз ташлаб қўйгани ва бу инқирозни бошқа ривожланган давлатлардан аввал бошдан кечирганликлари туфайли ўзларини гўё масхара қилингандай ҳис этишмоқда. Ҳолбуки, бугун Англия ва АҚШда ҳам инқироз бутун бўй басти билан ўзини намоён этмоқда. Бундай ҳис-туйғулар билан эртага – пандемиядан сўнг соғлиқни сақлаш сектори, иқтисодиёт, халқаро сиёсий муносабатлар, шунингдек, халқлар орасидаги ўзаро ишонч қандай тикланади – бу ҳам бир муаммо.
Соғлиқни сақлаш сектори заифлашиб қолганди
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўплаб мамлакатлар қатори Италия ҳам ҳар тарафлама фаровон ва тўкис давлат бунёд этганди. Соғлиқни сақлаш сектори ҳам инқироз юзага келишидан аввал ушбу фаровон давлатнинг фахр-у ифтихори эди. Аммо тиббиёт ходимларининг улкан фидокорлигига қарамай, эпидемия шароитида соҳадаги баъзи камчиликлар юзага қалқиб чиқди.
Айтиш жоизки, 90-йиллардан эътиборан соғлиқни сақлаш сектори ғоят заифлашиб қолганди. 2017 йил миллий соғлиқни сақлаш сектори (52 фоизи давлат тасарруфида) жами мингта муассасага эга бўлиб, улар тахминан 191 минг ётоқ сиғимига эга эди. Бу рақам ҳар минг кишига 3,6 кроват тўғри келишини англатади. Қолаверса, шифохоналарнинг сиғими Европа Иттифоқи ўрталамасининг мингдан 5 қисмини ташкил этишини ҳисобга олсак, етишмовчилик кўлами қай даражада экани ойдинлашади. Ўн йил олдин ўртача ётоқ ҳажми ҳар минг кишига 4,3тани ташкил қилган бўлса, 1998 йилда бу кўрсаткич 5,8та эди. Яъни аҳолининг кексайиб боришига қарамай, соғлиқни сақлаш соҳасида ётоқлар сони жиддий равишда камайиши кузатилган.
Давлат хусусий секторга ишонганди, аммо...
Давлат бюджетини кучайтириш сиёсати доирасида хусусий секторнинг сармояларига ишониб, давлат касалхоналарига ажратилиши кўзда тутилган маблағлар қисқартириб келинди. Ўз навбатида хусусий сектор ҳам сердаромад соҳаларга эътибор қаратиб, бу каби инқирозлар пайтида энг кўп эҳтиёж туюлувчи реанимация бўлимларига юқори харажатлар туфайли сармоя киритишдан узоқ вақт тийилиб келди. Натижада бугун Италияда ҳар 100 минг фуқарога атиги 13та реанимацион тўшак тўғри келмоқда. Таққослаш учун, Туркияда ҳар 100 минг фуқарога 40 ётоқ сиғими бор ва бу давлат бу борада Европа мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради.









