Қироличанинг бу чиқиши ҳам аввалгилари каби жуда таъсирчан бўлди. У яхши кунлар яна келишини айтди.

93 ёшли монарх 68 йилдан буён Британия қироличаси ҳисобланади ва бу вақт давомида у британияликларга фақат тўрт марта навбатдан ташқари мурожаат қилган.

Бешинчи мурожаат 6 апрель куни коронавирус муносабати билан амалга оширилди. Олдинги ҳолатлар қачон содир бўлган? Бу воқеаларнинг нимаси Британия учун муҳим бўлган?

«Саҳродаги бўрон»

1990-1991 йиллардаги Форс кўрфази урушидан кейинги ғалаба парадида / GETTY IMAGES

Елизавета II ҳар йили одатий тарзда Рождество муносабати билан британияликларга мурожаат қилади. Унинг навбатдан ташқари (фавқулодда деса ҳам бўлади) илк мурожаати 1991 йил 24 февраль куни амалга оширилади. Ўшанда Ироқ Кувайтга бостириб киргач, АҚШ ва Британия бошчилигидаги халқаро коалиция Ироққа 1991 йил 15 январгача ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш талабини қўяди. Саддам Ҳусайн бошчилигидаги ироқликлар талабни бажармагач, коалиция ҳаво зарбалари беришни бошлайди.

24 февралда қуруқлик қўшинлари ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. Бу ҳужумда британиялик аскарлар ҳам қатнашади ва унга «Саҳродаги бўрон» деб ном берилади. Шу сабаб бош қўмондон қиролича Британия халқига навбатдан ташқари мурожаат қилади: «Жамиятни бирлаштириш учун «Биз биргамиз», дейишнинг ўзи кифоя эмас. Бу учун чиндан бирга бўлиш керак. Халқимиз бизнинг қуролли кучларимиз билан фахрланади.

Иттифоқчиларимиз билан бирга ҳарбийларимиз тезда муваффақият қозонишади ва имкони борича кам йўқотиш ва қийинчиликлар билан ортга қайтишади. Ҳарбийларимиз муносиб бўлган мукофотлари — тинч ва адолатли дунёга эришадилар деб умид қиламан», деганди ўшанда қиролича.

Ироқ ва Кувайт ўртасидаги урушда Британия аскарлари нима қилиб юрганди дейсизми? Саддам Ҳусайн Кувайтга бостириб кириб, БМТ резолюциясини бузгач, «дунё эгалари» сифатида АҚШ ва Британия халқаро коалиция сафида мувозанатни бузган Ироқни жазолашга киришганди. Бу жангларда Британия армиясининг 24 нафар ҳарбийси ҳалок бўлади. Шунингдек, қироллик армияси Ироқдаги урушда 2та танк ва 8та самолёт йўқотади.