Ўзбекистонда янги шамол энергетикаси лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги «Интерфакс-Украина» маълумотларига таяниб хабар берди.

Хабарда келтирилишича, 2030 йилга қадар шамол электр станцияларининг қувватини 12 минг МВтга, қуёш электр станцияларининг ўрнатилган қувватини эса камида 7 минг МВтга етказиш кўзда тутилган.

Барча ҳудудларда электр энергиясини сақлаш тизимларини яратиш ҳам режалаштирилмоқда. Уларнинг параметрлари ва ишлаш режимлари ҳудудлардаги энергия истеъмоли хусусиятлари ҳамда йирик саноат корхоналарининг эҳтиёжларига мослаштирилади.

Энергетика вазирлигига инвесторлар билан музокараларни жадаллаштириш ва белгиланган муддатлардан ортда қолаётган лойиҳалар бўйича зарур чораларни кўриш топширилган. Инвесторлар шаффоф танлов жараёнлари асосида сараланади.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистондаги электр станцияларининг жами ўрнатилган қуввати 24,7 минг МВтни ташкил этган. Шундан қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 6,3 минг МВтдан ошган, гидроэлектростанциялар қуввати эса қарийб 2,5 минг МВт бўлган.