Ўзбекистон | 18:20 / 08.04.2020
177050
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда катта корхона бошқарувчиси коронавирус юқтирган. Президент камчиликларга йўл қўйган ҳудудий раҳбарларни жиддий огоҳлантирди

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида Андижон ва Бухоро вилоятларида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлардаги камчиликларни танқид қилди.

Президент Самарқандда бир кишининг хатоси сабабли 200 га яқин фуқаро карантинга олинганини танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин жойларда коронавирусга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Хусусан, сўнгги кунларда касалликка чалинганларнинг сони ортганига эътибор қаратиб, нафақат жойлардаги раҳбарлар, балки фуқароларни ҳам янада эътиборли бўлишга чақирди.

Йиғилишда пандемия шароитида сўнгги бир ой ичида хорижий давлатлардан 20та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаро олиб келингани, уларнинг барчаси 160та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олингани таъкидланди.

Тажрибали шифокор профессорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилган. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинган, Россия, Германия, Япония, Туркия каби давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилган.

«Биз бугун коронавирусга чалинган беморларимизнинг ҳар бири учун икки-уч нафардан тажрибали мутахассисларни жалб қилдик. Жанубий Корея, Россия, Германия ва Туркиядаги малакали шифокорларнинг онлайн маслаҳат ва тавсиялари олиняпти. Умуман, бу борадаги барча ҳаракатларнинг ижобий натижасини кўряпмиз, албатта.

Афсуски, шунча огоҳлантиришларга қарамасдан, Чирчиқ туманида қирқ ёшли йигит хасталикни юқтириб олиб, уйида даволанмоқчи бўлган. Ўша йигитнинг соғайиб кетиши учун барча зарур чораларни кўришларини шахсан қайта-қайта илтимос қилдим. Афсуски, касалликни анча ўтказиб юборган экан, ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Оила аъзоларига ҳам касаллик юқтирган. Ҳозир ҳаммалари назоратга олинди. Марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига ҳамдардлик билдираман», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирар экан, давлат раҳбари яна бир бор барчани огоҳликка чақирди.

«Касаллик аломатини сездингизми, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг. Такрор айтаман, касаллик оиламизга кириб келмаслиги, ўзимиз ва яқинларимизни ушбу иллатдан сақлаб қолиш, энг аввало, ўзимизга боғлиқ!», дейди президент.

Йиғилишда Самарқанд вилоятида ҳам катта бир корхона бошқарувчиси коронавирус юқтириб олгани ҳақида маълум қилинди. Натижада, у билан мулоқотда бўлган икки юзга яқин фуқаро айни вақтда карантинга олинган.

Давлат раҳбари ушбу мисолларни келтира туриб, жойларда ҳақиқий вазиятни нафақат фуқаролар, балки раҳбарлар ҳам тўғри англаб етмаётганини айтиб ўтди.

Хусусан, Андижон ва Бухоро вилоятларида карантинга олинганларни сақлашга нопрофессоналларча ёндашилгани танқид қилинди. Айни вақтда ушбу камчиликлар бартараф этилган бўлиб, ҳар уч нафар фуқаро алоҳида хоналарга жойлаштирилган. Бир марталик идишлардан фойдаланиш таъминланган.

Президент карантинда бўлиш қоидаларининг бузилишига йўл қўйган раҳбарларга жиддий огоҳлантириш берган.

«Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.

Бу вақтинчалик қийинчилик ва муаммолар, албатта, ўтиб кетади. Пок ниятли, дин-у диёнатли, сабр-бардошли, олижаноб халқимиз билан ҳали кўп яхши кунларни кўрамиз, кўп тўй-томоша ва тантаналарни биргаликда нишонлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз», деган Шавкат Мирзиёев.

  • Самарқанд вилоятида вирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат 7 апрель куни қайд этилди. Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, бемор 4 апрель куни, томоқ оғриши ва тана ҳароратининг кўтарилиши билан яшаш ҳудудидаги поликлиникага мурожаат қилган. Врач-инфекционист кўригида бўлган беморнинг тана ҳарорати кўтарилганлиги учун зудлик билан изоляторга олиниб, ундан олинган суртмалар вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораториясига юборилган.
  • Андижон вилоятида 27 март куни бир оила аъзолари бўлган уч кишида коронавирус аниқланганди. 8 апрель ҳолатига кўра, вилоятдаги беморлар сони 77 нафарга етган.
  • Бухоро вилоятида эса беморлар сони 7 апрель куни 84 нафарга етди. Бу вилоятдаги ҳолатлар хориждан - Жанубий Корея ва Россиядан олиб келиниб карантинга жойлаштирилган фуқаролар орасида қайд этилган. 25 март куни Россиядан олиб келинган 226 киши орасидан 4 кишининг тана ҳарорати юқори экани аниқланиб, улар вилоятдаги Юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилганди. 

Мавзуга оид