Хитойда истиқомат қилувчи, асли италиялик спикер ва ёзувчи Марио Каволо ҳукумат қандай қилиб коронавирусни қисқа вақтда жиловлай олгани бўйича шахсий кузатувлари билан ўртоқлашди.
«Хитойда 21 йилдан бери яшаётган шахс сифатида, мамлакат қандай қилиб эпидемияни назоратга олганини айтиб бермоқчиман.

Фото: linkedin.com
Хитойда янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаётгани, бошқарув кучлари вирус устидан тўлиқ назорат ўрнатганининг боиси – аксарият провинцияларда касалланиш ҳолатлари 100дан кам бўлганда ҳам улар тўлиқ изоляция қилинган эди. Кўчада ҳар бир киши, мутлақо ҳамма ниқобда. Бу ихтиёрий эмас, мажбурий тарзда амалга оширилди. Жуда жўн кўрингани билан бу асосли сабаб.
Биргина мисол. Мен яшайдиган Ляонин провинциясида 89та касалланиш ҳолати аниқланганда ҳам бутун провинция ёпилган, тўлиқ назорат ўрнатилган эди.
Жамоат транспортлари, савдо дўконлари, офислар, таълим муассасалари – барчаси ҳеч бир истисносиз ёпилди.
Бирламчи зарурат билан энг яқиндаги озиқ-овқат дўконига чиққанингизда ҳам тана ҳароратингиз ўлчанади, сизнинг маршрутингиз ҳақида маълумот берувчи QR-код сканердан ўтказилади. Бу кодда шахснинг қаерда, қачон бўлганини кўрсатувчи маълумотлар сақланади.
Агар унда кейинчалик COVID-19 аниқлангудек бўлса, кимлар билан мулоқотда бўлгани шу орқали осонгина аниқланади. Бу вируснинг эпидемиологик маршрутини тиклаш учун ёрдам беради.
Уйда эса ўз ҳаётингиз билан яшайсиз. Фарзандлар таълими, масофавий иш...
Ўрнатилган тартибга ҳамма қатъий риоя қилди. Бутун мамлакат бўйича барча провинциялар, ҳеч бир истисносиз.
Аҳоли ҳукумат қил деган ишни қилди. Вазият оғирлашишини кутмади. Бу фуқаролик масъулияти холос. Сен ўзинг яшаётган жамият учун қайғуришинг, унинг саломатлиги учун масъулиятни ҳис қилишинг керак. Чунки сен ҳам шу жамиятнинг бир бўлагисан, шу жамиятда нафас оляпсан.
Феврал ойи якунидаёқ аксарият провинцияларда касалланиш кўрсаткичи нолга тушган эди. Шунга қарамай, барча кузатув ва назорат кучлари ўз ўрнида сақлаб қолинди. Янги касаллик ҳолати аниқланиши билан улар зудлик билан ишга туширилади. Бу – мамлакатда касалликнинг яна авж олиб кетмаслигини кафолатлайди.


















