Хитойнинг Вашингтондаги элчиси коронавирус пандемияси фонида икки мамлакат алоқалари ҳақидаги мулоҳазаларини билдирди. Унинг мақоласи The New York Times`да чоп этилди.
«Нью-Йорк – АҚШда мен энг яхши кўрадиган шаҳар. Мен у ерда яшадим, ишладим, Хитойнинг АҚШдаги элчиси сифатида фаолият бошлагандан кейин ҳам тез-тез меҳмон бўлдим.

Фото: Xinhua News Agency/Getty Image
Бутун дунёни забт этаётган COVID-19 бу тунги бедор, шовқинли мегаполисда ҳам ҳаётни тўхтатиб қўйгани ачинарли ҳол. Вирус муаммоси шунчалик катта масштабдаки, у миллат, ирқ танламайди.
Яқиндагина пандемиядан зарба кўрган Хитой америкаликларнинг вазиятини яхши тушунади. Биз вирусга қарши курашда катта қурбонлар бердик. У билан кураш АҚШда ҳам, умуман, дунёнинг бирон нуқтасида осон кечмайди. Оғир дақиқаларда бизнинг дўстларимиз, шу жумладан, америкаликлар, нью-йоркликлар ёрдам қўлини чўзишди. Хитой буни ҳеч қачон унутмайди.
Энди навбат бизники: ёрдам беришга тайёрмиз.
Тан олиш керак, пандемия масаласида Хитой ва АҚШ ўртасида унча ёқимли бўлмаган мулоқотлар ўтди. Аммо ҳозир айбдорни излаш вақти эмас. Ҳозир ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, ҳамкорлик вақти.
100 нафардан зиёд хитойлик тиббиёт экспертларини ҳаётларни қутқариш учун хорижга йўл олишга ундаган мақсад – ўзаро ёрдам. АҚШ ва бошқа давлатларда беморлар билан тўлиб кетган шифохоналарга ёрдам учун тест тўпламлари, ҳимоя ниқоблари, тиббиёт ускуналарини юборишдан мақсад – ҳамжиҳатлик. Вирус ҳақида турли саволларга жавоб излаётган давлатлар билан ўз тажрибамизни бўлишишдан мақсад – ҳамкорлик.
Яқинда президент Трамп билан бўлган телефон мулоқотида Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини таъкидлади, имконият доирасида ёрдамга тайёрлигини билдирди.
Хитой касаллик ҳақидаги маълумотлар, у билан курашиш бўйича ўз тажрибаси ҳақида узлуксиз ахборот бериб бормоқда. Худди шу мақсадда вирус ҳақида онлайн маълумотлар базаси – COVID-19 яратилди, барча мамлакатлар ундан бемалол фойдаланиши мумкин.
Хитойлик ва америкалик соғлиқни сақлаш экспертлари ўзаро алоқаларни ушлаб туришибди, билим ва малака алмашишяпти.

















