Лондон ҳокими бўлган вақтидаёқ қувноқлиги ва ноодатий чиқишлари билан қиролликнинг энг машҳур одамларидан бирига айланган Жонсон бош вазирликка ҳам кутилган ҳолатда келди. Тереза Мэй ўзи тиш-тирноғи билан курашган Brexit режасини амалга ошира олмаслиги аниқ бўла бошлаган бир вақтда кўпчилик Британия сиёсатига қатъиятли раҳбар кераклигини англаб етган ва бундай инсон ҳақида гапирганда одамларнинг кўз ўнгига Лондоннинг собиқ мэри ва собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон келаверди.

Жонсон расман ишсиз бўлган вақтида ҳам журналистлар унинг уйига бориб кўрсатувлар суратга олишар, агар бош вазир бўлганда нима қилиши ҳақида сўрашарди. Мана шундай ажойиб кунларнинг бирида ҳукмрон консерваторлар орасида обрўси баланд бўлган Жонсон бўшаб қолган бош вазирлик курсисига ўз номзодини қўйди ва айтарли қаршиликсиз ғолиб бўлди.

Фото: Charlie Bibby / Financial Times

Бугун эса Борис Жонсоннинг аҳволи яхши эмас. Ҳам сиёсий маънода, ҳам ўз маъносида унинг ҳолатига ҳеч ким ҳавас қилмайди. 27 март куни унда коронавирус аниқланди. Ўша вақтлар ўта хотиржам кўринган Жонсон касалликка чалингани ҳақида ўзи твиттердаги саҳифасида позитив кайфиятда хабар қилганди. Катта эҳтимол, ўрнини йўқотиб қўйишдан чўчиган Жонсон ҳаммаси жойида эканини айтиб, масофадан ишлаб ҳукуматни бошқаришда давом этишини айтганди.

Фото: Image: Facebook/Boris Johnson

Аммо 10 кун ўтиб ҳам касаллик аломатлари сақланиб қолавергач, Жонсон касалхонага ётқизилди ва бош вазирлик лавозимини вақтинча ташқи ишлар вазири Доминик Рааб эгаллади.

Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб. Фото: Getty Images

Британияда аллақачон «Жонсон ҳукуматга қайтадими?», «У кетса ўрнини ким эгаллайди?» каби саволлар муҳокама қилинмоқда. Албатта, ҳозир Жонсон учун биринчи ўринда саломатлиги туради, аммо Британиядек демократик давлат учун асосийси ҳукуматнинг мустаҳкамлиги. Бундай қудратли мамлакат раҳбарлик лавозими масаласи узоқ вақт мужмал бўлиб қолишига йўл қўя олмайди.

Ҳозир Жонсоннинг аҳволи оғир эмас, аммо бош вазир уч кундирки касалхонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда. У коронавирусдан тузалса ҳам, Британияни бошқара олмаслиги ва истеъфо бериши мумкинлиги ҳақида тобора кўпроқ одам ўйлай бошлади. Хўш, агар Жонсон кетса, кимга Британиядек буюк қироллик бош вазири бўлиш бахти насиб қилиши мумкин?