Шу пайтга қадар Москвада умумий ўзини-ўзи изоляция қилиш режими амал қилаётганди. Рухсатнома билан юриш режими келгуси ҳафтадан жорий этилади. 

"Оғир беморлар сони тез ўисб бормоқда"

Собянин мурожаатида коронавирусга қарши курашнинг дастлабки босқичида ҳукуматнинг вазифаси "иқтисодиётни сақлаб қолиш" бўлгани, шунинг учун қўшимча чекловлар киритилмаганини айтди.

"Сўнгги вақтга қадар буни амалга ошира олдик", - деди у.

Собяниннинг сўзларига кўра, касаллик юқтириш ҳолатлари дастлаб "ўсган, аммо жадал суръатларда эмас". Сўнгги кунларда эса вазият ёмонлаша бошлаган.

"Зотилжам билан касалланган оғир беморлар сони тезлик билан ўсмоқда. Агар аввал касалхонага кунига 500га яқин киши тушган бўлса, бугун 1300га етди. Аксарият беморлар "коронавирус" ташхиси қўйилмасдан туриб касалхонага тушяпти. Аммо шифокорлар бунинг катта эҳтимол билан коронавирус эканлигини кўриб туришибди. Касалликнинг бундай тарзда ўсиши бизга ҳеч қандай яхшилик келтирмайди", - деди Собянин.

Москва мэри шу сабабли шаҳарда рухсатнома билан юриш режимини жорий этишга қарор қилганини айтди.

"Келгуси ҳафтадан рухсатнома билан юриш режимини босқичма-босқич жорий этамиз. Биринчи босқичда ишга бориш учун, иккинчи босқичда бошқа мақсадларда юриш учун ва учинчи босқичда, агар зарур бўлса, район ичида юриш учун киритамиз", - деди у.

Собяниннинг сўзларига кўра, касаллик тарқалиши хавфи чекиниши билан Москва одатий ҳаёт тарзига қайтади.

Москва области губернатори Андрей Воробьев ҳам областда рухсатнома билан юриш режими жорий этилишини эълон қилди.

Нимани кутишганди?

Мэрияга яқин манбалардан бири Би-би-си билан суҳбатда бу "москваликлар шаҳарда мақсадсиз юрмасликлари учун" кўрилаётган мажбурий чора эканлигини айтди.

"Рухсатномали тизим пандемияга дуч келган кўплаб мамлакатларда амал қилмоқда, бу Ғарб тажрибаси ва бугунги кун воқелиги. Мэрия рухсатномали тизимни бирданига киритмади, аммо москваликлар кўчаларга чиқишди, шаҳарда ҳатто тирбандликлар пайдо бўлди. Мэрия одамлар дам олиш кунлари яна паркларга боришидан ва касаллик юқтирганлар сони кескин ошишидан хавотирланмоқда. Рухсатномали тизимнинг жорий этилиши одамларни кўчага мақсад билан чиқиш ҳақида ўйлашга мажбур қилади", деди у.