Ғарб давлатлари ҳали вирус оқибатлари билан курашаётган бир пайтда, Уҳаннинг очилиши – президент Си Цзиньпиннинг эрта ғалаба қилиш режасидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Уҳандаги 11 миллион аҳолининг кўпчилиги учун шаҳарнинг очилиши – бу шаҳар учун жиддий иқтисодий стрессни бартараф этиш ҳаракатлари бошланишини англатади. Шунингдек, аҳоли вируснинг иккинчи тўлқини бошланишидан хавотирда, деб ёзмоқда Financial Times нашри.
«Ҳали хотиржам бўлишга асос йўқ...»
Шунинг учун гарчи кўчаларда ҳаракат бошланган бўлса-да, кўплаб бизнеслар ҳали очилмаган. Кўплаб яшаш манзилларидаги тўсиқлар ҳануз олиб ташланмаган, бу ҳам эркин ҳаракат чекланишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, қанчалаб одамлар Уҳанни тарк этиш учун рухсатнома олишни кутишмоқда, лекин улар борадиган манзилларида ҳам карантинга олинишади. Маҳаллий аҳоли эса жуда кўп одамнинг кўчаларда юриши кутилмаган тарзда яна вирус тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.
«Ҳали хотиржам бўлишга асос йўқ. Касаллик ҳукумат бутун халқнинг тиббий ресурсларини Уҳанга йўналтиргани учунгина жиловланди. Бироқ биз коронавируснинг иккинчи тўлқинига дош беролмаймиз», – дейди инқироз даврида Уҳанда бўлган академик Люси Чжан.
Уҳан мамлакатдан 23 январь куни ажратилган эди. Сал кейинроқ эса Ҳубей провинциясининг шаҳарлари ҳам ёпиб қўйилди. Умумий ҳисобда, карантин давомида 60 миллион одам «асирликда» сақланганди.
Гарчи Ҳубей провинцияси 25 мартда очилган бўлса-да, Уҳан эркин ҳаракат учун куни 7 апрелгача ёпиқ эди.
АҚШ, Италия ва Испанияда коронавирусни жиловлаш борасида жиддий кураш кетаётган бир пайтда, Уҳандаги вазият Хитой ОАВ томонидан мамлакатнинг муваффақияти сифатида талқин қилинмоқда.
Шаҳар очилган кун тонгида кўчалар машиналар сигналларига тўлиб кетди. Шаҳар теварагида ҳам одамларнинг тана ҳарорати ўлчаш тўхтатилгандан сўнг транспорт қатнови 10 баробарга кўпайган.
Ҳақиқий ғалабага ҳали бор...
Уҳанда одамлар шаҳар очилганидан хурсанд, лекин ҳақиқий ғалабага ҳали анча бор.
Уҳаннинг марказий қисми – Ҳонкоу коронавирус тарқаган энг биринчи манзил сифатида ном қозонган ва ҳануз бу ерда истиқомат қилувчилар қаттиқ назорат остида. Шу ерда жойлашган қатор кўпқаватли уйлар одамларнинг кириш-чиқишига йўл бермайдиган вақтинчалик баланд деворлар билан ўралган.
















