“2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан айрим шахсларга уй-жой сотиб олишда (ипотека кредитлари тўлови учун) субсидиялар тўлаш тартиби белгиланди.
Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардир.
Ҳукумат қарорига кўра, 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари (фуқаро меҳнат мигранти бўлганда унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин) уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал ёки кредит фоизини бир қисмини қоплаш бўйича субсидиялар олиш юзасидан йилнинг 1 мартидан 1 октябрига қадар Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза беришлари мумкин”, деди Севара Зокирова.

Унинг айтишича, ариза бериш жараёнида қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:
– жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;
– оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотлари
ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;
– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);
– турар-жойининг кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;
– турар-жойининг уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхалари;
– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома.


















