Айни вақтга келиб дунёнинг 210 га яқин давлатида 1 862 000 нафар беморларда коронавирус инфекцияси аниқланган, улардан 431 000 нафари соғайган, 115 000 нафари вафот этган, 51 000 га яқин беморлар оғир аҳволда қолмоқда.
Охирги бир сутка давомида (12.04.2020) дунё бўйлаб 72 500та янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, 5 400 нафар беморлар ушбу касалликдан вафот этди.
Кунлик ўсишнинг энг юқори кўрсаткичлари АҚШ (+27 421), Буюк Британия (+5 288), Туркия (4 789) ва Италия (4 092) давлатларида кузатилди.
13 апрел соат 16.00 ҳолатига Ўзбекистон Республикасида 896 нафар беморда коронавирус инфекцияси қайд этилди, 66 нафар беморлар бутунлай соғайди, 4 нафар беморлар ушбу касалликдан вафот этди.
Касалланган беморлар билан мулоқотда бўлган фуқаролар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу тадбирларга Санитария-эпидемиология хизматининг 20 мингга яқин ходимлари жалб қилинган. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари туну-кун фаолият кўрсатмоқда, уларнинг фолияти Агентликнинг марказий штаби орқали мувофиқлаштириб борилмоқда.
Шунингдек, касалликни кенг тарқалишини олдини олиш ва беморларни самарали даволаш мақсадида хорижий экспертлар билан мунтазам маълумот алмашиниш тизими йўлга қўйилган. Уларнинг тажрибаси ўрганилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
Яна бир муҳим масала – эпидемиологиянинг қонуниятига кўра, бошқа давлатлардаги касалланиш динамикасини кузатадиган бўлсак, вирус юқиб, тарқалиб, ўсиши давом этади. Ҳар бир давлат тиббиётининг олдида турган масала – касалланишнинг кескин ошишига йўл қўймаслик.
















