Ўзбекистон | 12:43 / 13.04.2020
9648
2 дақиқада ўқилади

Туман йўлларига қўйилаётган тўсиқлар «Тез ёрдам» ҳаракатини чекламайди - ИИВ

Тўсиқлар ўрнатилишида бирор маҳаллага транспортда кириш-чиқиш йўллари 6 ёки 7та бўлса, улар тўсилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишган ҳолда 2та йўналиш қолдирилади ва улар назоратга олинади. Ўрнатилган тўсиқларнинг барчаси Ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳамда «Тез ёрдам» хизмати хариталарида аниқ белгилаб берилади.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов АОКАда ўтказилган брифингда карантин даврида туманларда йўлларнинг ёпилиши «Тез тиббий ёрдам» машиналари ҳаракатини чекламаслиги ҳақида айтиб ўтди.

«Республика туманларида автотранспорт воситалари ҳаракатида чеклов ўрнатилмаган бўлса-да, туман раҳбарлари томонидан карантин туфайли асосий йўлларда постлар ташкил этилган.

Ва бу постларда туман ҳудудига кираётган ҳамда туман ҳудудидан чиқаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан қаердан келаётгани ва қаерга бораётгани сўралмоқда. Бу халқимиз хавфсизлиги учун яхши», деди Шоҳрух Ғиёсов.

ИИВ вакили карантин даврида фуқароларни транспортда мақсадсиз ҳаракатланишини чеклаш зарурати туфайли вилоятларнинг алоҳида ҳудудларида транспорт йўлларига тўсиқлар ҳам қўйилаётганини айтиб ўтган.

«Тўсиқлар ўрнатилишида бирор маҳаллага транспортда кириш-чиқиш йўллари 6 ёки 7та бўлса, улар тўсилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишган ҳолда 2та йўналиш қолдирилади ва улар назоратга олинади.

Ўрнатилган тўсиқларнинг барчаси Ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳамда Тез ёрдам хизмати хариталарида аниқ белгилаб берилади. Шунинг учун Тез ёрдам автотранспорти тўсиқларга учрайди деган хавотирлар ўринсиз. Аксинча, биздаги маълумотларга кўра, Тез ёрдам автотранспортининг манзилга етиб бориш тезлиги олдингига қараганда ошган», дея маълумот берди Шоҳрух Ғиёсов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирга қадар айрим вилоятларда фуқаролар томонидан йўлларга ўзбошимчалик билан ўрнатилган 46 тўсиқ ҳам аниқланган ва уларнинг барчаси олиб ташланган. Айни пайтда профилактика инспекторлари, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари аҳоли ўртасида тегишли тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Мавзуга оид