«Биз қоронғу дамларда
ёруғ келажакка боқа олишимиз керак».
Арасту

Инсоният тарихи гувоҳки, дунё бошига тушган ҳар қандай оғир табиий офат ва инқирозлардан кейин жамиятлар янада кучлироқ, мустаҳкамроқ бўлиб шаклланган. Бундай қийинчиклардан тўғри ва оқилона иш тутиб ривожланишда юксак натижаларга эришган кўплаб давлатларни биламиз.

Мисол учун, ўрта асрларда феодал Европада тарқалган вабо («қора ўлат») жамиятдаги иқтисодий-ижтимоий муносабатларни тамоман янги кўринишга олиб келганини яхши биламиз. Кўплаб олимлар бу воқеани саноат инқилобига замин яратган, деган фикрни ҳам айтишади.

Биз ўзбекистонликлар ҳам бутун инсоният билан биргаликда катта синовдан ўтмоқдамиз. Коронавирус пандемияси бизнинг авлод учун кўлами ва шакл-шамойили бўйича янгилик бўлиши мумкин, лекин тарихда башарият бундан-да оғирроқ синовларни енгган. Бу сафар ҳам албатта шундай бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтадиган бўлсак, кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам мардона енгиб ўтади.

Коронавирус билан боғлиқ ҳолат, биринчидан, нафақат биз кўникиб қолган одатий муносабатларни атрофлича қайта кўриб чиқишга, балки уларга ўзгача ракурсдан қарашга, айримларини эса таҳрирлашга, кейинги ҳаёт тарзимизни ҳам янгича англашга ва режалаштиришга мажбур қилади.

Бугун ҳаётимизда кечаётган жараёнлар эртага янги касблар, янгича ғоялар, янги кўникмалар ва қоидаларнинг шаклланишига олиб келади, керак бўлса, жамиятдаги қадриятлар тизимини ҳам қайта тафаккур қилишга ундайди.

Коронавирус шароитида юзага келадиган масалалар, уларнинг соҳалари, кўринишлари ҳам хилма-хил: тиббий-санитария муносабатлардан тортиб, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, психологик, маънавий-фалсафий ва бошқа соҳаларда саволлар талайгина.

Масалан, бугунги карантин шароитида аксилинқироз бошқарувининг ҳуқуқий таъминлови қандай бўлиши лозим, мазкур жараён ижтимоий муносабатларга қандай таъсир кўрсатади, шартномавий мажбуриятлар қандай бажарилади, ҳуқуқлар қандай таъминланади, шошилинч чоралар ва инсон ҳуқуқлари мувозанати, аҳолига ҳуқуқий хизматлар кўрсатишнинг эврилиши қандай кечади, онлайн муносабатлар ривожининг ҳуқуқий устунлари етарлими, шахсий маълумотлар қандай ҳимояланади? Яъни чақириқлар, ечимлар, дунё тажрибаси ва истиқбол...

Зеро, эртасини ўйлайдиган ҳар қандай жамият икки, уч, ҳатто ўн қадам олдинни кўзлаб яшамоғи лозим.