Жаҳон | 01:15 / 15.04.2020
140805
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши вакцинани ўзида синаб кўрган аёл унинг таъсири ҳақида айтиб берди

Аввалроқ мРНК-1273 вакцинаси ҳайвонларда синаб кўрилганди. Ижобий натижалардан сўнг уни инсонларда синаб кўришга қарор қилинди.

Женнифер Халлер Фото: Daniel Berman

АҚШнинг Сиэтл шаҳрида коронавирусга қарши вакцина илк бор соғлом инсонда – 44 ёшли Женнифер Халлерда синаб кўрилди. У вакцина олганидан кейинги ҳиссиётлари ва унинг таъсири тўғрисида The Telegraph нашри орқали ҳикоя қилди.

Аёлнинг сўзларига кўра, у хатарли тажрибада қатнашаётганлигини тўлиқ англаб етмаган. Ундан дастлаб клиник тадқиқотлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги билан танишиш сўралган. Халлернинг айтишича, мРНК-1273 рақамли вакцина грипп эмламасига ўхшайди. У вакцина қабул қилаётган вақтида ҳеч қандай оғриқ ёки нохушлик ҳис этмаганини айтди.

Аёл шунингдек, эмланганидан сўнг нималар юз берганини ҳам айтиб ўтди.

«Биринчи куни ҳароратим озгина кўтарилди. Иккинчи куни қўлим қаттиқ оғриди. Шу билан ҳаммаси ўтиб кетди», — деди у.

Нашрнинг ёзишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан аёл карантинда қолган. Бир оз вақтдан кейин у ва тажрибада иштирок этаётган яна 44 киши қайтадан эмланади. Улар келгуси йилнинг баҳоригача шифокорлар кузатувида бўлади.

Аввалроқ мРНК-1273 вакцинаси ҳайвонларда синаб кўрилганди. Ижобий натижалардан сўнг уни инсонларда синаб кўришга қарор қилинди, деб ёзади The Telegraph.

Мавзуга оид