Бу — глобал бўҳрон, унинг кўлами молиявий (пул оқимлари ва молиявий мажбуриятлари билан боғлиқ), иқтисодий (ишлаб чиқариш ва истеъмол муносабатлари билан боғлиқ), давлатчилик (хавфсизлик, ижтимоий муҳофаза, тиббий ёрдам, таълим, оммавий тартибни сақлаш билан боғлиқ) тизимлари учун оғир синов бўлди.

Аввалги даврда давлатнинг монетар чоралар воситасида иқтисодни рағбатлантириш орқали молиявий инқирозлар бартараф этиларди. Бу сафар карантин жорий қилинган шароитда монетар ва маъмурий чоралар билан чекланиб бўлмайди. «Янги уруш» янгича стратегик кўзлов ва тактик ёндашувларни талаб қилади.

Ҳозир ҳар бир давлат ўз имкониятлари ва вазиятидан келиб чиққан ҳолда турли ечимларга қўл урмоқда. Улардан қайси бирлари энг самарали эканини аниқлаш осон иш эмас. Шу сабабли жаҳон тажрибасини кузатиш билан бирга ўз имкониятларимиз доирасида турли ностандарт ғояларга мурожаат қилишдан қўрқмаслик керак.

Инқирозни тез ва самарали енгиш мақсадида қарор қабул қилувчилар беш йўналишда ишлашлари керак:

1. Пандемия салбий оқибатларини бартараф этиш;

2. Хусусий сектор учун шошилинч ёрдам;

3. Иқтисодий фаолликни жонлаштириш;

4. Давлат харажатлари манбаларини қайта кўриб чиқиш;

5. Маъсулиятли фуқаролик ташаббусларига очиқ бўлиш.

Энди шу беш йўналишнинг ҳар биридаги асосий нуқталарни ўрганиб чиқамиз:

1. Пандемия салбий оқибатларини жамиятда бартараф этиш.

Фото: Lintao Zhang / Getty Images

1.1. Карантин туфайли ишдан четланса-да, бандлиги сақланган аҳолининг маош тўловларини давом эттириш керак, бунда:

·       Иш фаолияти тўхтатилмаган ва/ёки масофали ишга ўтган корхоналар ўз ходимларига маошларни корхона даромади ҳисобидан тўлайдилар. Бундай ташкилотлар учун давлат тарафидан рағбатлантирув чоралари ишлаб чиқилиши лозим;

·       Фаолияти тўхтаган корхоналар ходимлари маоши давлат тарафидан фоизсиз кредит ва/ёки субсидиялар ҳисобидан берилиши керак.