Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти анъанавий тиббиётнинг асосий таркибий қисмларини қуйидагича аниқлайди: ўсимлик дори дармонлари ва бошқа табиий воситалар билан даволаш; акупунктур ва мануал терапия. Соғлиқни сақлаш тизимидаги анъанавий тиббиёт аллақачон дунёнинг бир қатор мамлакатларида, айниқса Осиё мамлакатларида муҳим рол ўйнайди. Халқ табобатимизда Абу Али ибн Сино даврига бориб тақаладиган чуқур дунёвий илдизлар мавжуд. Бугунги кунда Республикамизда халқ табобати тизими қонунийлаштирилган.

Бизнинг юртимиз доривор ўсимликларга бой. Маҳаллий флорага мансуб 4.3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда.

2019 йилда 48 млн АҚШ доллари қийматидаги қайта ишланган доривор ўсимликлардан олинган маҳсулотлар экспорт қилинган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори жуда долзарбдир.

Ушбу Қарорда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, ушбу соҳада таълим, фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини бирлаштириш зарурати белгилаб қўйилган. 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш учун кластерлар яратиш, шунингдек, доривор ўсимликларни етиштириш бўйича ҳудудларни ихтисослаштириш ишлари белгилаб берилган.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан таклиф этилган кластер тизими ўзининг ҳозирги глобаллашув даврида ва бозор иқтисодиёти талаблари асосида, ҳар бир имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланиб жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотларни етказиб бериш аграр секторда, жумладан пахтани етиштиришдан то уни комплекс қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида енгил саноат маҳсулотлари, озиқ овқат саноати маҳсулотлари (пахта ёғи ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар) ҳамда чорвачилик учун озуқа (ҳар хил емлар, премикслар) ишлаб чиқариш имкониятларини кескин ошириб, аграр соҳада янги тизим кластер тизими яратилганини эътироф этиш керак.

Қарорда қўйилган вазифалар ташкил этилаётган кластерлар олдига доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, дастлабки ва чуқур қайта ишлаш ҳисобига турли хил халқ табобатида, соғлиқни сақлаш тизимида ишлатиладиган дори препаратларини яратиш, ишлаб чиқариш ва импортдан кириб келаётган шу йўналишдаги препаратларни ўрнини маълум ҳажмда эгаллаш ва экспорт қилиш имкониятини яратади. Қарорда шу йилнинг 1 июнидан тайёр маҳсулотни сотиш бўйича кластерлар олдига қўйилган вазифалар “Доривор ўсимликлар” деб номланган янги саноат йўналишини яратади.