Март ойида Facebook ижтимоий тармоғида янги турдаги коронавирус туфайли келиб чиқадиган COVID-19 касаллиги борасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларга эга 40 миллионта пост белгиланган. Бу ҳақда компания расмий сайтидаги баёнотда маълум қилинди.
«Масалан, март ойида Facebook’да COVID-19га оид 40 миллионта постга огоҳлантирувчи маркировка қўйиб чиқдик. Бунга асос бўлиб, биз билан фактларни текшириш соҳасида ҳамкорлик қилаётган ташкилотларнинг 4 мингдан ортиқ мақоласи хизмат қилди. Фойдаланувчилар бундай маркировкани кўрганида 95 фоиз ҳолатда оригинал контент билан танишмайди», — дея ахборот берган Facebook.
Компаниянинг таъкидлашича, пайшанба кунигача улар «инсонлар саломатлигига путур етказувчи коронавирус ҳақидаги юз минглаб дезинформация маълумотлари»ни ўчиришган.
Бундай дезинформация орасида коронавирусга қарши кирларни оқартирувчи моддаларни ичиш, одамлар орасида хавфсиз масофага риоя қилиш самарасиз эканлигини тўғрисидаги асоссиз таъкидлар ҳам бор.
Февраль ойининг ўрталарида Американинг Facebook, Amazon ва Google дохил ўнлаб технологик компаниялари ЖССТ билан янги коронавирус ҳақидаги уйдирмалар тарқалишининг олдини олиш чораларини муҳокама қилган эди.








