Инқироз даврида бизнеснинг бош активи — инсон капиталини йўқотмаслик ҳақида ABBYY асосчиси, сунъий интеллект соҳасида серияли тадбиркор Давид Ян сўзлаб берди. Унинг фикрлари Forbes`да чоп этилди.

Жаҳондаги машҳур HR-таҳлилчилардан бири Жош Берсин ва IBM`нинг персонални бошқариш бўйича директори Дайан Герсон бир муддат аввал ўтказган қўшма вебинарида шундай деганди: «Оғир келган 2008 йилда компанияларни молиявий директорлар сақлаб қолган. 2020 йилда бу ишни персонал бўйича директорлар бажаришади».

Масофадан туриб ишлаётган жамоани бошқаришнинг ҳар қандай жамоани бошқариш билан боғлиқ бир неча базавий принциплари бор. Бу, ўз навбатида, жамоавийлик, коммуникация, қарорлар қабул қилиш, ишларни бажариш, иш муҳитини ҳамда иш вақтини ташкил қилиш усулларига янги талабларни қўяди.

Кичик ва йирик ишчи гуруҳларни бошқаришда кўплаб жиҳатлар бор, улардан қуйидагиларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

·       мулоқот ва қайта алоқа;

·       шаффофлик ва ишонч;

·       қўллаб-қувватлаш ва ўзаро ёрдам;

·       аниқ мақсадлар;

·       ўлчанадиган натижалар;

·       техник воситалар;

·       иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат.

Мен ABBYY билан бирга 12та компанияга асос солдим, уларда жаҳоннинг 13 мамлакатида 1300 ходим ишламоқда. Масалан, Yva.ai ходимлари жаҳоннинг тўрт давлатидан туриб масофадан ишлашади. Ўзим эса сўнгги 8 йилдан буён Кремний водийсида яшаяпман ва 100 фоиз масофадан – уйдан туриб ишлаяпман.

Кремний водийсининг мен асосчилари билан ҳамсуҳбат бўлган, йирик тақсимловчи корхоналари тажрибаси асосида ва масофадан туриб ишловчи жамоаларни яратиш бўйича шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, айни пайтда жамоасини уйидан туриб ишлашга ўтказаётганларга қуйидаги маслаҳатларни бермоқчиман.

1-маслаҳат. Рақамли офис муҳитини яратинг ва видеоконференция орқали кунига кўп марта учрашиб туринг

Биринчидан, муҳим мавзулар бўйича кундалик ёки ҳафталик учрашувлар ташкиллаштиринг. Бу масофадан туриб ишлаётган жамоа учун зарур ритм яратади. Иккинчидан, ишчи гуруҳдаги ҳамкасблар, раҳбарлар ва ходимлари ўртасида кун давомида тезкор учрашувлар имкониятини таъминланг.