Ўзбекистон | 13:21 / 18.04.2020
3823
3 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида стратегик харидорлар учун нималар ўзгарди?

Хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар амалга оширадиган харид шартларига тузатишлар киритилди

Бунда илгари алоҳида рўйхатга киритилган 24 та йирик компания ҳақида сўз бормоқда, деб ёзади Norma.
 
Биринчидан, уларнинг Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази билан ўзаро муносабатлари ўзгарди:

а) товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидига бўлган техник топшириқлар қисмида улар қолган субъектлар билан тенглаштирилиб, энди қиймати БҲМнинг 5 000 бараваридан (1 млрд 115 млн сўм) ошганда ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказиш учун тақдим этишлари шарт. Илгари улар учун нарх чегараси экв. $50 мингни (506 050 минг сўм) ташкил этарди; 

б) контрактлар қисмида – илгари улар барча, шу жумладан импорт контрактларни экспертизадан ўтказиш учун тақдим этишлари керак бўлган бўлса, ҳозир фақат импорт контрактлар ва уларга қўшимча келишувларни тақдим этишлари лозим. Нарх мезони экв. $50 мингдан БҲМнинг 40 000 бараваригача (8 млрд 920 млн сўм) ўзгартирилди. Бундан ташқари, энди ушбу талаб тўғридан-тўғри музокаралар асосида тузилган контрактларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
 
Иккинчидан, давлат ва стратегик буюртмачининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиш учун товарларни (ишларни, хизматларни) интеллектуал фаолият натижалари муаллифидан ёки улардан мутлақ фойдаланиш ҳуқуқига эга етказиб берувчидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилишга рухсат берилди. Бошқа етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда лицензия битимига (шартномасига, контрактига) асосан бунга йўл қўйилади. Интеллектуал фаолият натижаларини (фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари) ушбу объектларга нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ягона шахсдан харид қилиш чоғида ҳам тўғридан-тўғри шартнома тузилиши мумкин.
 
Учинчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб стратегик харидорлар харид олдидан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан махсус веб-порталда эълон жойлаштиришлари шарт эканлигидан хабардормиз. Унда харид комиссияси томонидан таклифларни қабул қилишнинг сўнгги муддати кўрсатилади. Илгари у камида 15 кунни ташкил этган бўлса, эндиликда камида 10 кунни ташкил этади.    

Ҳужжат 16.04.2020 йилдан кучга кирган.

Мавзуга оид